Ижтимоий тармоқларда расмий статистика маълумотларига таянган ҳолда январ-июл ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қисқаргани маълум қилинди. Унда Статистика қўмитасидан олинган маълумотда январ-июлда 40 млрд 43 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йил шу даврига нисбатан 297 млн кВт/соат кам экани қайд этилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, жорий йил январ-июл ойларида республика бўйича 43 млрд 250 млн кВт/соат ёки ўтган йил мос даврига нисбатан 2 млрд 177 млн кВт/соат кўп (ўсиш суръати 5,3 фоиз) электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Иссиқлик электр станциялари ва марказларида 38 млрд 551 млн кВт/соат (ўтган йилга нисбатан 1 млрд 18 млн кВт/соат кўп, ўсиш суръати 2,7 фоиз) электр энергияси ишлаб чиқарилган. Жумладан, «Иссиқлик электр станциялари»да - 33 млрд 77 млн кВт/соат, Ангрен ИЭС ва Янги Ангрен ИЭС томонидан - 3 млрд 345 млн кВт/соат.
Бундан ташқари, ДХШ асосидаги янги ИЭСларда - 2 млрд 128 млн кВт/соат, ДХШ асосидаги қуёш фотоэлекр станциялар томонидан - 219 млн кВт/соат, гидроэлектр станцияларда эса - 4 млрд 84 млн кВт/соат (898 млн кВт/соат кўп).
Электр станцияларида амалда ишлаб чиқарилган ҳамда Статистика қўмитаси маълумоти асосида берилган электр энергияси миқдорлари орасида юзага келган фарқ қуйидаги сабаблар билан изоҳланган:
биринчидан, қўмита маълумотида кичик корхоналар тоифасига киритилган электр энергияси ишлаб чиқарувчилар инобатга олинмаган. ДХШ асосида Туркия компаниялари билан ҳамкорликда Бухоро, Тошкент ва Хоразмда ишга туширилган 5 та янги иссиқлик электр станцияси, Навоий ва Самарқандда ишга туширилган 2 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Оҳангарон, Ҳисорак, Қамчиқ гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобга олинмаган. Ушбу станциялар томонидан январ-июл ойларида ишлаб чиқарилган электр энергияси 2 млрд 515 млн кВт/соатни ташкил этган;
иккинчидан, Қибрай туманида «Акса Энержи», компанияси томонидан ишга туширилган ИЭС орқали ишлаб чиқарилган 1 млрд 78 млн кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш сифатида эмас, балки электр энергиясини сотиш сифатида киритган;
учинчидан, баъзи электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ҳар ой якунида қўмитага «тармоққа берилган» электр энергияси бўйича рақамлар тақдим этилади. Улар томонидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га «умумий ишлаб чиқариш» бўйича рақамлар узатилади. Шу ва бошқа сабабларга кўра рақамлар орасида яна 802 млн кВт/соат фарқ юзага келган ва бу кўрсаткич статистика маълумотларида акс этмаган.











