Тошкент вилояти прокуратураси суд ҳукми бўлса ҳам гаров сифатида прокуратура депозит ҳисоб рақамига қўйилган пулни қайтармаяпти. Маблағни қайтариш бўйича қилинган мурожаатлар эса наф бермаяпти.
Фуқаро Дилрабо Абдуллаева (исм-шариф ўзгартирилган)га нисбатан жиноий иш очилган ва у жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг 2021 йил 9 сентябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбдор деб топилган. Мазкур ҳукмга асосан судланувчи томонидан дастлабки тергов давомида Тошкент вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига топширилган 300 млн сўм маблағ унга қайтарилиши белгиланган.
Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 май кунги ажримига асосан, жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди ҳукмининг Дилрабо Абдуллаевага оид қисми Жиноят процессуал-кодексининг 84-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган. Судланувчи томонидан гаров сифатида Тошкент вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига топширилган 5 млн сўм пул маблағи унинг ўзига қайтарилиши белгиланган.
Ҳукм ва ажрим ижросини таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди томонидан 2022 йил 2 июн куни ижро варақаси чиқарилиб, МИБ Ўртачирчиқ туман бўлимига юборилган. Ўз навбатида МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими 305 млн сўм маблағни ўтказиб бериш ҳақида Тошкент вилояти прокуратурасига алоқа хатлари юборган.
Лекин 2 ой муддат ўтганига қарамай, негадир Тошкент вилоят прокуратураси шу кунга қадар суд ҳукми ижросини таъминламаган, пул маблағларини қайтармаган.
Бу орқали “қонун посбонлари” қонунчиликка зид ҳаракат қилиб, очиқчасига фуқаронинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда. Маблағни қайтариш бўйича қилинган мурожаатлар эса наф бермаяпти.
Хусусан, адвокат томонидан Тошкент вилояти прокурорига ҳолат юзасидан шикоят киритилган.
Прокуратура адвокатнинг мурожаатига жавобан вилоят прокурори томонидан суднинг 2022 йил 5 майдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгитдан аппеляция инстанциясига юбориш ҳақида Олий судга кассация протести киритилганини, протест мазмунан кўриб чиқилганидан сўнг депозит ҳисоб рақамда сақланаётган пул маблағини қайтариш масаласи ҳал қилинишини билдирган.
Прокуратуранинг мазкур ҳаракати, яъни суд ҳукмини бажармасдан, “протест кўриб чиқилсин, кейин гаплашамиз” дейиши қонунчиликка зид.












