Украина Мустақиллик куни арафасида Киевда АҚШ Давлат котиби, Германия канцлери ва бошқа Ғарб етакчилари иштирокида Қримнинг деоккупация қилинишини қўллаб-қувватловчи саммит бўлиб ўтди. Бунинг фонида яриморолда Россиянинг бир қатор ҳарбий инфратузилма объектларига ҳужум қилинди. Гарчи Киев зарбалар учун жавобгарликни тан олмаса ҳам, Володимир Зеленскийнинг Қримга нисбатан стратегияси ўзгаргани яққол кўриниб турибди. Агар Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин ва ҳатто бошида ҳам президент яриморолни қайтаришнинг дипломатик йўли устуворлиги ҳақида гапирган бўлса, Украина ғарбдан кенг кўламли ёрдам олганидан сўнг риторика кескинлашди. Энди Зеленский ҳарбий сценарий эҳтимоли борлигига тобора кўпроқ ишора қилмоқда.

Зеленский ҳар доим Қримнинг қайтарилиши ҳақида гапирган, бироқ у ҳарбий сценарийдан кўра дипломатияни афзал кўрган. Уруш ҳаммасини ўзгартирди

Володимир Зеленский президентлигининг бошиданоқ Россия томонидан аннексия қилинган яриморолни деоккупация қилишга алоҳида урғу берди. 2019 йил май ойидаги инаугурацион нутқида буни ўз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб атаганди: «Навбатдаги вазифамиз йўқотилган ҳудудларни қайтаришдир. <…> Қрим ҳам, Донбасс ҳам бизники, Украина ерларидир».

Зеленский 2020 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, жаҳон ҳамжамиятини Украинага ҳудудларни қайтаришда ёрдам беришга чақирганди. Шу билан бирга, мамлакатда президентнинг 2021 йил мартдаги фармони билан тасдиқланган яриморолни деоккупация қилиш ва реинтеграция қилиш бўйича давлат стратегияси устида иш бошланди.

Ўша йилнинг август ойида Украина мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш пайтида Киевда биринчи «Қрим платформаси» саммити бўлиб ўтди, унда 47 давлат вакиллари иштирок этди. Аммо резонанс катта бўлмади, Зеленский офиси буни кутмаганди. Масалан, Киевга хайрлашув ташрифи билан борган Германия канцлери Ангела Меркел саммитда қатнашмади, АҚШ, Франция ва Буюк Британия расмиятчилик юзасидан вакил юборди. Бироқ, шунга қарамай, Киевнинг Қримни қайтариш бўйича режалари дунё янгиликлари кун тартибининг бир қисмига айланди ва Украина халқаро миқёсда қўллаб-қувватланди. Россиянинг реакцияси кутилганидек салбий бўлди.

Зеленский учун «Қрим платформаси» ички сиёсат нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. 2021 йил давомида унинг рейтинги жиддий ўзгариб турди ва президент ўз жамоаси муваффақиятсизликларини бартараф қиладиган, шунингдек, миллий-ватанпарвар мухолифатнинг танқидини камайтирадиган ёрқин ташаббусларга муҳтож эди.