Жамият | 13:47 / 01.09.2022
22333
2 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан хусусий секторда ишлаётган аёлларга туғуруқ ва ҳомиладорлик бўйича нафақа тўланади

1 сентябрдан бошлаб туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақаларини тўлаш тартиби ўзгаради.

Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида айтилган

Ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма фаолиятини молиялаштириш манбалари давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақаси давлат ижтимоий суғуртаси доирасида энг кам истеъмол харажатлари миқдорида тўланади. Шу билан бирга, агар ходимнинг иш стажида бир ойгача танаффуслар бўлса, узлуксиз иш стажини ҳисоблашда танаффуслардан олдинги ва ундан кейинги ойлар ҳисобга олинади;

келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тўлаш «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали босқичма-босқич амалга оширилади. 

7 март куни президент «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. 

Ҳужжатда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб барча юридик шахсларда, бюджет ташкилотлари бундан мустасно, охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақалари ойлик истеъмол харажатларининг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид