Талабалар ректорнинг ваъдаларига ишониб, Россияга йўл олишгани, у ерга боргач эса Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Кубан давлат тиббиёт университети ўртасида тузилган шартнома бекор бўлганидан хабар топишганини айтишмоқда.
Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университети ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ўртасида тузилган шартномага кўра, «Даволаш иши» факультети талабалари Ўзбекистонда ва Россияда 3 йилдан жами 6 йил, «Стоматология» факультети талабалари эса 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олишлари керак бўлган.
Талабаларга Россияга боргач, имтиҳон олиниши, ундан ўтганларгина ўқишни давом эттириши ҳақида олдиндан ҳеч қандай маълумот берилмаган. Имтиҳонлар бошлангач, бундан ажабланган талабаларнинг саволларига жавобан масъуллар бу шунчаки билим даражасини текшириб кўриш учун қилинаётгани, унинг натижаси ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини айтишган. Бироқ икки босқичли оғзаки имтиҳондан сўнг талабаларнинг бир қисми ўқишда олиб қолиниб, қолганларга жавоб берилиши маълум бўлади.
Кубан давлат тиббиёт университети масъуллари ўзбекистонлик йигит-қизларни 1 сентябргача университет ётоқхонасини тарк этишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирган. Шундан сўнг улар президент номига видеомурожаат йўллашга мажбур бўлишади.

Видеомурожаат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти маъмурияти берган хабарга таяниб, стоматология йўналиши 3-босқични битирган талабалардан Кубан давлат тиббиёт университетида олинган имтиҳон натижаларига кўра 25 нафари белгиланган баллни олиб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилгани, қолган 21 нафар талаба имтиҳондан ўта олмаганини маълум қилди.
Шунингдек, вазирлик томонидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотда институт имтиҳондан ўтолмаган талабаларнинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқишини давом эттириши, бунда контракт миқдори ўзгармаслиги ва талабаларнинг бориш-келиш харажатлари институт томонидан қоплаб берилиши қайд этилганди.

















