Жаҳон | 18:41 / 02.09.2022
20368
2 дақиқада ўқилади

Украина бош штаби: Путин 15 сентябргача Донецк областини тўлиқ эгаллашни буюрган

Фото: UNN

Владимир Путин Россия қўшинларига 15 сентябрга қадар Донецк областининг маъмурий чегараларига чиқишни буюрган. «Украинская правда»нинг ёзишича, бу ҳақда Украина қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олексий Громов маълум қилди.

«Душман Харкив, Луҳанск, Донецк, Запорижжя, Херсон ва Миколайив областларида босиб олинган районларни ушлаб туришда давом этмоқда, шунингдек, қайтадан ҳужумга ўтиш учун қулай шароитлар ҳозирлашга интилмоқда. Хусусан, россиялик босқинчи ҳарбийлар Путиннинг 15 сентябргача Донецк области маъмурий чегараларига чиқиш бўйича буйруғига мувофиқ яна бир бор ўз режалари ва ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда», деган у.

Громовнинг сўзларига кўра, Украина шарқида фаол юришларни қайтадан бошлаш учун РФ мудофаа вазирлиги учинчи армия корпуси қўшилмалари ва ҳарбий қисмларини қайта тўплашда давом этмоқда. Корпус 2022 йил ёзида Россиянинг турли регионларидан йиғилган кўнгилли бўлинмалардан таркиб топган.

  • Россия қўшинларининг Донбассдаги сўнгги йирик муваффақияти Северодонецк — Лисичанск — Рубежное агломерацияси устидан назорат ўрнатилиб, бутун Луҳанск области эгалланиши бўлганди. Бу июл ойи бошида рўй берганди.

Мавзуга оид