Жаҳон | 09:22 / 02.09.2022
7556
4 дақиқада ўқилади

Украина бош вазири Берлиндан замонавий жанговар танклар сўради

Киев ҳамкорлардан «қурол етказиб бериш фалсафасини ўзгартиришини» кутмоқда, деди Денис Шмигал Германияга ташрифи олдидан.

Фото: AFP

Украина Германия ҳукуматидан Россия агрессиясидан ҳимояланиш учун унга замонавий жанговар танклар топширишни сўрамоқда, деди Украина бош вазири Денис Шмигал Германияга ташрифи арафасида dpa агентлигига. Унинг интервьюсидан парчалар 2 сентябр, жума куни чоп этилди. «Биз қурол-яроғ таъминоти фалсафасини ўзгартиришимиз керак. Бу билан айтмоқчиманки: замонавий жанговар танклар берилиши лозим», - дея таъкидлади Шмигал. «Қўшма Штатлар бизга Abrams танкларини етказиб беришини кутамиз, Германиядан эса Leopard 2’ни кутяпмиз. Булар Украинага жанг майдонида керак бўлган замонавий танклар», - деди у.

Денис Шмигал 3 сентябр куни Берлинга келади, эртаси куни эса Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашади. Шу тариқа, Шмигал Россия томонидан Украинага қарши уруш бошланганидан бери Берлинга ташриф буюрадиган энг юқори мартабали украиналик сиёсатчига айланади.

«Германия Украинани қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашда улкан муваффақиятларга эришди», деди Украина бош вазири. Дастлаб Киевга фақат ҳимоя воситалари ва дубулғалар етказиб берилган бўлса, бугунги кунда бу - энг замонавий қуролдир, деди у. Хусусан, июнь ойида Украина биринчи марта Германиядан PzH 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаларини олди. Бундан ташқари, Берлин Киевга 15 та ўзиюрар зенит қурилмалари, учта ялпи ўт очиш реактив тизими ва учта зирҳли қутқарув машинасини юборди. «Аммо, биз имкон қадар тезроқ кўпроқ қурол ва техника олишни истаймиз», - деди Денис Шмигал. 

Жанг танклари ва пиёда жанговар машиналарни тўғридан тўғри топшириш ҳали ҳам Шольц кабинети учун тақиқда турибди. НАТОнинг ҳеч қайси давлати ҳалигача бундай қурол тизимларини Украинага бермаган, дея қайд этди dpa. Испания эса Киевга Германияда ишлаб чиқарилган Leopard 2 танкларини таклиф қилди. Шмигал улар Украина томонига тўғридан тўғри берилишини талаб қилмоқда. Шунингдек, у Шольцдан IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларини сўради. Германия ҳукумати аввалроқ тўртта шундай тизим жўнатишга ваъда берган эди. Бироқ, Украина, Денис Шмигалнинг сўзларига кўра, 12 та бундай тизимга муҳтож, яъни - уч баробар кўп. 

Бундан ташқари, Украина ҳукумати раҳбари Германиядан молиявий ёрдам олишдан умидвор. «Шунингдек, канцлер Шольц Халқаро валюта жамғармаси ва Еврокомиссия орқали кейинги ёрдам кўрсатишда етакчи рол ўйнашини кутамиз. Халқаро ёрдамсиз Украина иқтисодиёти гиперинфляция хавфи остида», - деди Шмигал. 

Украина бош вазири Германия халқини уруш билан боғлиқ барча муаммоларга қарамай, унинг боришини кузатишга чақирди. «Биз озодлик тарафдоримиз. Озодлик учун курашишдан чарчаш мумкинлигига ишонмайман», - дейди у. «Биз ҳаммамиз бу режимнинг (Путиннинг) нишонидамиз. Бирга бўлишимиз ва Европада озодлик учун биргаликда курашишимиз керак», - дея хулоса қилди Украина вазирлар маҳкамаси раҳбари. 

Август ойи бошида Европа иттифоқи Киевга янги макромолиявий ёрдам пакетидан 1 миллиард евро ўтказди. 1 август куни Денис Шмигал Украина ушбу пакетдан дастлабки 500 миллион евро олганини эълон қилиб, 2 августда яна 500 миллион евро олинишини таъкидлади. Бош вазир сўзларига кўра, бу маблағлар Киевнинг «биринчи навбатдаги бюджет эҳтиёжларини молиялаштиришга» ёрдам беради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид