Жаҳон | 16:32 / 02.09.2022
13851
2 дақиқада ўқилади

Европадаги газ омборлари кутилганидан тезроқ тўлдирилмоқда

Европа омборлари ўртача 80 фоизга тўлган, Брюссел буни фақатгина 2 ойдан кейин кутганди, деди Европа комиссияси раҳбари фон дер Ляйен.

Фото: РИА Новости

Европадаги газ омборлари ўртача 80 фоизга тўлган, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 2 сентябр, жума куни. Газ захирасини юклаш муддатидан олдин амалга оширилмоқда. «Биз буни фақат икки ойдан кейин кутгандик», деб тушунтирди у.

Ҳозирда Норвегия Европага Россиядан кўра кўпроқ газ етказиб беради, суюлтирилган газнинг катта қисми эса АҚШдан келади. «Аммо бу етарли эмас», деб таъкидлади фон дер Ляйен. 

Еврокомиссия раҳбари Европа иттифоқи газ стратегиясининг асосий жиҳатларини таъкидлади. Биринчи ўринда энергияни тежаш масаласи турибди. Бундан ташқари, электр энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг ортиқча фойдасини қисман кам таъминланган ва заиф корхоналарни манзилли қўллаб-қувватлашга йўналтириш зарур. Шунингдек, фон дер Ляйен Россиядан олиб келинган ресурс учун «нарх чегарасини» жорий этишга чақирди. «Россиядан Европага газ нархини чеклаш вақти келди, деб ишонаман», деди у. 

Ўрта муддатли истиқболда электр энергияси бозори тузилмасини ислоҳ қилиш зарур, деб таъкидлади Еврокомиссия раҳбари. Фон дер Ляйеннинг фикрига кўра, газ нархини электр энергияси нархининг умумий динамикасидан ажратиш керак. 

Август ойи охирида Германия омборларига газ белгиланган муддатдан олдин тўлдириб қўйилаётгани маълум бўлди. 82 фоизлик чегарага эришилди. Шу тариқа, сентябрь ойининг бошида Германия табиий газ захираларини 85 фоиз даражасида тўлдириш бўйича октябрь ойи мақсадларига эриша олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид