Жаҳон | 08:50 / 05.09.2022
10038
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ЕИнинг россияликларга нисбатан виза чекловларини қўллаб-қувватламади

Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби барча россияликлар Украинага қарши уруш учун жазоланмаслиги кераклигини айтди. Шу билан бирга, у Украинада Россия НАТОга қарши эмас, балки Украина халқига қарши курашаётганини таъкидлади.

Фото: Shutterstock

Қўшма Штатлар ЕИ давлатларининг россияликларга Шенген визаларини беришни чеклаш бўйича режаларини қўллаб-қувватламади. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби 4 сентябр, якшанба куни эълон қилинган «Дождь» телеканалига берган интервьюсида бутун рус халқини Россиянинг Украинага қарши уруши учун жазолаб бўлмайди, деган фикрни билдирди. 

«Биз россияликлар учун виза чекловларини жорий қилдик. Бу Путинни Украинада қилаётган ишлари учун жавобгарликка тортишга ёрдам берадиган восита, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, унинг олигархияси аъзоларини, режим тарафдорларини Украина билан уруш бўйича жавобгарликка тортишга ёрдам беради. Аммо биз Путиннинг хатти-ҳаракатлари учун барча русларни жавобгарликка тортиш унумли чора эмас, деб ўйлаймиз. Буни бутун рус халқи билан урушга айлантирмаслик керак», деди Кирби. 

Оқ уй вакилига кўра, «Украинада асоссиз урушни Россия президенти ва унинг атрофидагилар олиб боряпти. Бундан русларнинг ўзи ҳам жабр кўрмаслиги керак». Шу билан бирга, Кирби Украинада Россия АҚШ ва НАТО билан эмас, балки Украина халқи билан уришаётганини таъкидлади. «Бу - Россия Украина халқига қарши. Айнан Путин 24 февраль куни ҳеч қандай сабабсиз, мутлақо қонуний асосларсиз қўшни давлатга бостириб киришга қарор қилган», - деди АҚШ расмийси.

Жон Кирби, шунингдек, Россия президенти Украина ҳудудидан қўшинларни олиб чиқишга қарор қилиши билан ҳарбий ҳаракатлар исталган кун якунланиши мумкинлигини таъкидлади. Бироқ у Путиннинг шундай қилишига шубҳа билдирди ва шу боис Қўшма Штатлар Украина армиясига керак бўлганда ёрдам бериши ҳақида огоҳлантирди. 

31 август куни Европа иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари россияликларга визалар беришнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилишга келишиб олди. Шу билан бирга, улар биринчи навбатда Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полша томонидан амалга оширилган Россия фуқароларига визалар беришни тўлиқ тақиқлаш бўйича келиша олмади. Шу муносабат билан Латвия, Литва, Эстония ва Полша Россия фуқароларининг Европа визаси билан киришига чекловлар жорий этиш масаласини кўриб чиқишини билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид