16:56 / 08.09.2022
6647

Логистик муаммолар импорт маҳсулотлар нархлари ошишига таъсир қилиши мумкин – Марказий банк

Регулятор таҳлилларига кўра, логистика бўйича муаммолар сақланиб қолаётгани импорт маҳсулотлар нархи юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда. Бу тенденция келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

8 август куни Марказий бошқарувнинг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик  15 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Регулятор шарҳига кўра, ички иқтисодий шароитларда нархлар ва ялпи ички талабнинг шаклланиши билан боғлиқ бир қатор хатарлар сақланиб қолмоқда.

Ўтган йилларда амалга оширилган ва жорий йилда давом этаётган фискал рағбатлантиришларнинг ички нархларга оширувчи таъсирлари давом этмоқда. Хусусан, фундаментал омиллар ҳисобига базавий инфляция ўсувчи динамикани ҳосил қилиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси ошиб бормоқда.

Маҳсулотлар таклифи билан боғлиқ логистик муаммоларнинг сақланиб қолаётганлиги ва асосий импорт маҳсулотлари нархларининг юқори шаклланаётганлиги келгуси ойларда ҳам истеъмол бозорларидаги нархларга оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин. Йилнинг қолган қисмида асосан ноозиқ-овқат товарлари нархлари бўйича хавотирлар бор. 

Шу билан биргаликда, куз ойларида иқтисодий фаолликнинг янада жонланиши ва қишлоқ хўжалиги соҳасида даромадларнинг мавсумий ошиши ички истеъмол бозорида йил сўнгигача қўшимча талабни шакллантириб боради. Куз-қиш мавсумида айрим ёқилғи-энергетика маҳсулотлари ва иситиш воситаларига бўлган талабнинг ортиши, ташиш ва етказиб бериш хизматлари нархларининг ўсиши бўйича ҳам хавотирларни юзага келтиради.

Глобал иқтисодиётдаги ўзгарувчан вазият, халқаро молия бозорларида шароитларнинг қатъийлаштирилиши ва инфляцион жараёнлар натижасида юзага келаётган ноаниқликлар, макроиқтисодий прогнозлар ва баҳолашларни амалга оширишни мураккаблаштирмоқда.

Жаҳонда ва савдо ҳамкорларида иқтисодий ўсиш бўйича кутилмалар аввалги прогнозларга нисбатан ёмонлашган, шунингдек асосий хомашё товарлари нархларининг ҳам пасайиб бориш тренди кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, келгусида ташқи талаб ҳажмига таъсир кўрсатиши мумкин.

Мавжуд инфляцион жараёнлар, пул-кредит шароитлари, импорт инфляцияси таъсирининг сақланиб қолаётганлиги ва юқори ноаниқликлар шароитида йил якуни бўйича инфляция даражаси 12-14 фоизли прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада шаклланиши борасидаги охирги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.

Аввалроқ, августда йиллик инфляция даражаси 12,3 фоизни ташкил этгани маълум қилинганди.

Top