Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пентагон Украинага 675 млн долларлик янги ҳарбий ёрдамни эълон қилди
Пентагон раҳбари Киевга ялпи ўт очиш тизимлари учун гаубица ва снарядлар етказиб берилишини эълон қилиб, Қўшма Штатлар «жанг майдонидаги саъй-ҳаракатларнинг яққол муваффақиятини кўраётганини» таъкидлади.
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Жо Байден Киевга 675 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади, деб хабар берди Пентагон раҳбари Ллойд Остин 8 сентябр, пайшанба куни Германиядаги АҚШнинг «Рамштайн» ҳарбий базасидаги Украина бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида.
«Бу - ўтган йил август ойидан бери Байден маъмурияти томонидан АҚШ захираларидан Украинага 20-техникалар тўпламини жўнатишдир», деди Остин. Янги ҳарбий ёрдам пакети 105 миллиметрли гаубицалар, GMLRS юқори аниқликдаги реактив снарядлар ва артиллерия ўқ-дориларини ўз ичига олади, деди у.
Аввалроқ The Washington Post хабар қилганидек, янги ёрдам пакетига, жумладан, HIMARS ялпи ўт очиш ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, ҳарбий машиналар, аскарлар учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар киради.
Остиннинг таъкидлашича, иттифоқчиларнинг Украинага ҳарбий ёрдами ўз самарасини бермоқда. «Биз жанг майдонидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яққол муваффақиятини кўряпмиз», — деди Пентагон раҳбари.
Август ойи охирида Пентагон Украинага уруш бошланганидан буён қарийб 3 миллиард долларлик энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Маблағлар Украинага хавфсизлик бўйича кўмаклашиш ташаббуси (USAI) доирасида тақдим этилган бўлиб, у Байден маъмуриятига қуролларни мавжуд қурол захираларидан олиш ўрнига ҳарбий саноатдан сотиб олиш имконини беради.
Умуман олганда, август ойи охирида Американинг Украинага ҳарбий ёрдами миқдори 10,6 миллиард долларга етди, деб ҳисоблайди Reuters.
Бир кун аввал CNN Пентагон Украина армиясини ўрта ва узоқ муддатда, жумладан, Россия билан уруш тугаганидан кейин қўллаб-қувватлаш режасини тайёрлаётгани ҳақида хабар берган эди. CNN манбаларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина томони билан биргаликда режа ишлаб чиқмоқда. Таҳлил яқин ойларда якунланиши кутилмоқда, шундан сўнг у президент Жо Байденга тасдиқлаш учун киритилади. Режа, Вашингтон фикрича, Украина Қуролли кучларини оптимал ривожлантириш бўйича йўл харитасини тақдим этади.
Мавзуга оид
19:58 / 20.02.2026
ОАВ Зеленский яна уч йиллик урушга тайёрланишни буюргани ҳақида ёзди. Киев рад этди
13:27 / 20.02.2026
Швециянинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети — 1,2 млрд евро
12:08 / 19.02.2026
Евроиттифоқ шарқий чегараларга яқин ҳудудларни қўллаб-қувватлашни кучайтиради
11:26 / 19.02.2026