Жаҳон | 08:19 / 08.09.2022
5249
2 дақиқада ўқилади

Украина «ДХР»да британиялик кўнгиллининг ўлдирилишини тергов қилмоқда

Пол Урининг жасади бир ярим ойлик музокаралардан сўнг «ДХР»дан Украинага қайтарилди. Жасад кўплаб тан жароҳатлари излари бўлган ҳолда ёмон ҳолатда, деди Украина бош прокурори Костин.

Пол Ури / Фото: Дмитрий Лубинец facebook

Украина Бош прокуратураси 7 сентябр, чоршанба куни бир ярим ойдан кўпроқ давом этган музокаралардан сўнг жасади Украина расмийларига топширилган британиялик кўнгилли Пол Урининг «ДХР» ҳудудида қийноққа солингани ва ўлдирилгани бўйича судга қадар тергов бошлади. Украина бош прокурори Андрей Костиннинг сўзларига кўра, терговда Киев алоқада бўлган Буюк Британия вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 

«Кўнгиллининг танасида тан жароҳатлари излари бор, бу унинг ўлимига асл сабаб бўлиши мумкин бўлган қўпол муомаладан далолат беради. Жасад нотўғри шароитларда сақланган ва ёмон ҳолатда, шунинг учун ўлим ва тан жароҳати ҳолатларининг ҳақиқий сабаблари суд-тиббий экспертиза давомида аниқланади», деди Костин брифингда. Унинг сўзларига кўра, кўнгиллига зарурий ёрдам, хусусан, тиббий ёрдам кўрсатилмаган, у ноқулай шароитларда сақланган, дейишга асос бор. 

Бош прокуратуранинг дастлабки маълумотларига кўра, Пол Ури ва яна бир британиялик Дилан Гилл апрель ойида Запорижжя областидаги Днипрорудне яқинида рус ҳарбийлари томонидан қўлга олинган, улар у ерда маҳаллий аҳолига жанговар ҳаракатлар ҳудудидан эвакуацияда ихтиёрий равишда ёрдам берган. Улар мажбуран «ДХР»га олиб кетилган. Июль ойида «ДХР» «ҳокимияти» кўнгиллининг касаллик ва стресс туфайли вафот этгани ҳақида хабар берган. Дилан Гилл «ДХР»да асирда ушлаб турилибди, у ёлланма аскарлик фаолиятида айбланяпти.

Ўз навбатида, Украина Олий радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец Пол Урининг «ўлими зўравонлик оқибатида юз бергани ҳақида масъулият билан гапириши» мумкинлигини айтди. «Одам бундай қийноқларга чидай олмайди. Мен марҳумнинг жасади суратини кўрдим ва уни кўрган одамда бунга ҳеч қандай шубҳа қолмайди», - дейди Лубинец. 

Мавзуга оид