Жаҳон | 08:23 / 09.09.2022
7517
3 дақиқада ўқилади

Эрон фирмалари Россияга учувчисиз учоқларни етказиб бергани учун АҚШ санкцияларига учради

АҚШ тўрт компания ва бир жисмоний шахсга нисбатан санкция киритди. Улар, Америка расмийлари фикрича, Эроннинг учувчисиз учоқларини Россияга етказиб бериш билан боғлиқ. 

Фото: AP

АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг Safiran Airport Services компаниясига қарши санкциялар жорий этилганини маълум қилди. АҚШ расмийларига кўра, ушбу компания «Россиянинг Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий парвозларини, шу жумладан Эрон УУАлари, ходимлар ва тегишли жиҳозларни Эрондан Россияга ташиш билан боғлиқ парвозларни мувофиқлаштирган», дейилади баёнотда. Вашингтон Россия Украинага қарши урушда Эрон дронларидан фойдаланмоқчи, деб ҳисоблайди. 

«Россия Украинага қарши сабабсиз урушни давом эттиришнинг тобора умидсиз йўлларини танламоқда, айниқса бизнинг мисли кўрилмаган санкцияларимиз ва экспорт чекловларимиз шароитида», - деди АҚШ молия вазири Брайан Нелсон ўз баёнотида. 

Safiran’дан ташқари, Эроннинг уч дрон компанияси - Paravar Pars Company, Design and Manufacturing of Aircraft Engines (DAMA) ва Baharestan Kish Company, шунингдек, унинг бошқарувчи директори Раҳматуллоҳ Ҳайдарий ҳам АҚШнинг янги санкциялари остида қолди. Бу компанияларнинг барчаси Эрон қуролли кучлари учун УУА ишлаб чиқаради. 

16 июль куни CNN телеканали Россия ҳукумати делегацияси ҳарбий дронларни текшириш учун Эроннинг Кошан аэродромига икки марта ташриф буюргани ҳақида хабар берди. Бундан сал олдин АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан «Эрон ҳукумати Россияга тезлаштирилган асосда бир неча юзтагача УУА, жумладан, қурол олиб юришга қодир УУАлар беришга тайёрланаётганини» айтган эди. 19 июль куни Россия президенти Владимир Путин Теҳронда Эрон етакчиси Иброҳим Раисий билан учрашди. 

Август ойи охирида The Washington Post нашри Эрон Россияга камида икки турдаги жанговар учувчисиз учар аппаратлар - Mohajer-6 и Shahed’ни юборганини, Россия Қуролли кучлари Украинага қарши урушда улардан фойдаланишни режалаштирганини ёзган эди. АҚШ разведкасига яқин манбаларга кўра, Россия ҳарбийлари Эрон УУАларининг биринчи синовларидан норози бўлган, чунки кўплаб носозликларга дуч келган. Бироқ, WP нашрига кўра, Москва Теҳрондан юзлаб шундай дронларни сотиб олмоқчи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид