Тадбир давомида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида қатор кўп томонлама ва икки томонлама учрашувлар ўтказилиши, хавфсизлик ва иқтисодий соҳада ҳамкорликни кучайтиришга оид келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Аммо бу ерда ташкилотга аъзо давлатлар учун маълум хавф ва хатарлар ҳам борки, бу биринчидан, Ғарб сакциялари остидаги Россия банк ва молия институтлари билан ҳамкорлик ва бу ҳамкорлик орқали иккиламчи санкцияларига тушиб қолиш хавфи бўлса, иккинчидан, ташкилотнинг сиёсийлаша бориши мумкинлиги, шунингдек, "тузумлар экспорти" ҳисобланади.

Kun.uz мухбири ташкилотнинг Самарқанд саммити ҳақида сиёсатшунослар – Анри Шаропов, Ҳамид Содиқ ва иқтисодчи, собиқ молия вазири ўринбосари Абдулла Абдуқодиров билан суҳбатлашди.

Kun.uz: —

Интервьюни бошларканмиз, аввало сизлардан ШҲТ сизнинг наздингизда қандай ташкилот экани борасида фикрларингизни сўрамоқчиман.

Кўряпсизлар, Россия ОАВлари бугун бу ташкилотни ғарбга қарши тузилма сифатида талқин қиляпти. Ғарбнинг ҳам бу борада ўз фикрлари бор.

Ўзбекистон расмийлари эса ШҲТ ҳақида гапирганда, унга нисбатан универсал ташкилот иборасини ишлатяпти. Хўш, ШҲТ ўзи қандай ташкилот-у, унинг универсаллиги нимада?

Анри Шаропов, сиёсатшунос: —

Ташкилотнинг тузилиши 1996 йил Хитой ва Собиқ совет давлатларининг чегара ва чегара атрофи мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқади. Бундан ҳам аввалги тарихга эътибор қиладиган бўлсак, бу чор Россияси ва Цин империялари ўртасидаги давом этган ва 96 йилги шартномадан сўнг Шанҳай бешлигига айланган.

Анри Шаропов

Афғонистондаги вазият туфайли Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари долзарблашганидан кейин 2000-2001 йилларда Ўзбекистон иштироки билан ташкилот ШҲТга айлантирилди.

Ҳозир биз ахборот жамиятида яшаяпмиз. Шу боис ахборот хуружларининг бўлиши табиий ҳол. Ҳар қандай давлат фаолият олиб боришда ана шу медиа ресурслардан фойдаланади. Бу ташкилот муҳим бир механизм ҳисобланади. Мамлакатимиз олиб борадиган сиёсатга қараладиган бўлса, бу сиёсат асосини блокларга қўшилмаслик, прогматизм ва ўзаро боғлиқлик ташкил қилади.