Спорт | 09:24 / 12.09.2022
13044
2 дақиқада ўқилади

19 ёшли Карлос Алкарас US Open теннис турнирида ғолиб бўлди

Испаниялик Карлос Алкарас ўз фаолиятидаги илк «Катта дубулға»да ғолиб чиқди ва 19 ёшида тарихдаги дунёнинг энг ёш биринчи рақамли теннисчисига айланди. 

Фото: Reuters

Испания теннисининг янги юлдузи, 19 ёшли Карлос Алкарас 11 сентябр, якшанба куни теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионати (US Open) финалида норвегиялик Каспер Руудни мағлуб этди ва тарихда дунёнинг энг ёш биринчи ракеткасига айланди. 

Алкарасдан олдин эркаклар теннисида биринчи рақамли спортчи россиялик 26 ёшли Даниил Медведев эди. Бироқ у 1/8 финалда грециялик спортчи Ник Киросга ютқазиб, муҳим очколарни бой берди. 

Ҳозиргача австралиялик Ллейтон Ҳюитт 1993 йилдан буён ATP жаҳон рейтингида энг ёш 1-рақамли теннисчи бўлиб келаётганди - у бу муваффақиятга 20 ёш-у 9 ойлигида эришган. 

Шу билан бирга, Алкарас 1968 йилда профессионал теннисга асос солинганидан бери АҚШ очиқ чемпионатида ғолиб чиққан иккинчи ўсмирга айланди. Илгари худди шундай натижани 1990 йилда 19 ёшида ушбу турнирда ғолиб чиққан америкалик спортчи Пит Сампрас кўрсатган эди. 

Испаниялик теннисчи «Катта дубулға»нинг энг ёш совриндорларидан бирига айланди. 2005 йилда унинг ватандоши, ўша пайтда 19 ёшда бўлган Рафаэл Надал Париждаги «Ролан Гаррос» турнирида ғолиб чиққан. 

АҚШ очиқ чемпионатида ғалаба қозониб, Алкарас ўзининг биринчи «Катта дубулға» мусобақалари доирасидаги титулини қўлга киритди. Ушбу ғалаба учун пул мукофоти 2,6 миллион долларни ташкил этди. 

Турнирнинг финали Нью-Йоркдаги Arthur Ashe Stadium’да ўтказилди ва унга 24 мингга яқин томошабин ташриф буюрди. Учрашув бошланишидан олдин 2001 йил 11 сентябр теракти қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди. 

Мавзуга оид