08:58 / 12.09.2022
2807

Ирландия Ўзбекистонда энергия тежайдиган изоляция панеллари ишлаб чиқармоқчи

ИТСВда Ирландия етакчи компанияси билан қурилиш материаллари соҳасида инвестициявий ҳамкорлик устувор йўналишлари белгиланди.

Фото: Dunyo

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) International Development Ireland (IDI)  консалтинг компанияси кўмагида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ҳуррам Тешабоев ҳамда Kingspan Insulated Panels компанияси Яқин Шарқ, Африка, Туркия ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жим Локран ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда минтақа қурилиш материаллари бозори ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш даражасини оширишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу бозорни ривожлантириш қўллаб-қувватланиши муҳокама қилинди.

Томонлар қурилиш материаллари, энергия тежайдиган изоляция панеллари ишлаб чиқаришга сармоя киритиш ва уларни кейинчалик республика ҳудудида сотиш масаласини кўриб чиқди.

Учрашув якунида томонлар қурилиш материаллари сифатини оширишга қаратилган аниқ натижаларга эришиш учун муҳокама қилинган барча соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Компания Ўзбекистонда маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва мамлакат йирик инфратузилмавий лойиҳаларга инновацион ва энергия тежайдиган материалларни етказиб беришга тайёр.

Kingspan Group Plc энергия тежайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи компания бўлиб, йиллик даромади 8 миллиард долларни ташкил этади. У Европа, Африка, Осиё, Австралия, Яқин Шарқ ва Америкада фаолият юритади.

Top