Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия яна фуқаролик объектларига зарба берди. Зеленский буни «террорчилик акти» деб атади ва россияликларга мурожаат қилди
Якшанба куни кечқурун Украинанинг турли ҳудудларидан электр энергиясидаги узилишлар ҳақида хабарлар кела бошлади. Беш областда свет ўчиб қолди, Харкивда метро тўхтаган. Кейинроқ икки областда электр таъминоти тиклангани маълум қилинди.
11 сентябр куни Украинанинг беш области тўлиқ ёки қисман электр энергияси таъминотисиз қолди. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Харкив, Суми, Полтава, Днепропетровск, Донецк областларида свет ўчганини маълум қилди. Айрим ҳудудларда сув таъминотида муаммолар юзага кела бошлаган. «Свет ўчиши билан боғлиқ муаммолар бутун мамлакат бўйлаб кузатилиши мумкин. Россияликлар бизни ёруғликсиз, сувсиз ва иссиқликсиз қолдиришмоқчи», — деган Тимошенко.
Унинг сўзларига кўра, бу Харкив яқинида «иккита қанотли ракета муҳим инфратузилма объектларига келиб урилгани»дан кейин содир бўлган. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Харкивдаги ИЭС-5 — Украинадаги энг йирик иссиқлик электр станциялардан бирига зарба берганини айтди. Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматининг Харкив области бўлимига кўра, зарба вақтида камида бир киши ҳалок бўлган, иккинчи навбатчини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
«Страна.ua» хабар беришича, Харкивда электр энергияси ўчиши ортидан метро тўхтаб қолган. Baza нашри ёзишича, Полтавада электр қуввати узилиши туфайли троллейбуслар ёниб кетган.
Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда (Суми ва Днепропетровск областларида) электр таъминоти тикланган, шунингдек Суми ва Полтава областларида сув таъминоти ҳам қайтган, бошқа ҳудудларда эса муаммолар давом этмоқда. Харкив областида, жумладан Харкив районида электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Бу вақтда РИА Новости хабар беришича, «ДХР» назоратидаги Донецк шаҳрида электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилмаган.
Украина президенти Володимир Зеленский электр таъминоти ўчганидан кейин руслар ва украинларни бир халқ деб атаб бўлмаслигини айтди. У ракета зарбаларини «сурбетлик», электр энергия ўчирилишини — «террорчилик акти» деб атади.
«Ҳатто зим-зиё зулматда ҳам Украина ва цивилизация дунёси бу террорчилик актларини кўриб туради. Муҳим фуқаролик инфратузилмаларига қасддан ва сурбетларча ракеталар отилганини. Булар ҳеч қандай ҳарбий объектлар эмас. Харкив ва Донецк областларида свет ўчиб қолди. Запорижжя, Днепропетровск, Сумида — таъминотда муаммолар юзага келди.
Шу вақтгача биз бир халқмиз деб ўйлайсизми? Сиз ҳамон бизни қўрқитиш, синдириш, ён беришга кўндириш мумкин деб ўйлайсизми? Сиз чиндан ҳам ҳеч нарсани тушунмадингизми? Сиз биз ким эканимизни тушунмаяпсизми? Биз нимани хоҳлаймиз? Нима ҳақда гапиряпмиз? Лабларга қараб ўқинг: Газсизми ёки сизсиз? Сизсиз. Ёруғликсизми ёки сизсиз? Сизсиз. Сувсизликми ёки сизсиз. Сизсиз. Овқатсизликми ёки сизсиз? Сизсиз. Совуқ, очлик, зулмат ва чанқоқлик — биз учун сизнинг дўстлигингиз ва биродарлигингиз каби қўрқинчли ва ҳалокатли эмас. Аммо тарих барчасини ўз ўрнига қўяди. Ва биз газ, ёруғлик, сув ва озиқ-овқатли бўламиз… ва сиз бўлмайсиз!» деган президент.
Зеленскийнинг офисидагилар бу зарбалар Россия қўшинлари Харкив областидан чекинишга мажбур бўлгани оқибати деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда гапирган Михаил Подоляк зарбани «армиянинг жанг майдонидан қочишига жавобан берилган қўрқоқларча зарба» деб атади. 5 сентябр куни Украина қуролли кучлари Харкив областида қарши ҳужумга ўтгач, Россия қўшини чекина бошлади, РФ маълумотида қўшинлар областнинг катта қисмини тарк этгани тасдиқланган. Вазирлик буни чекиниш деб тан олмаган, балки «Донецк областидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш» мақсадидаги «қўшинларни қайта жамлаш ва кўчириш» деб атаган.
11 сентябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний сентябр ойи бошидан буён Украина уч минг квадрат километр ҳудудини озод этгани ҳақида айтди. Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти бу Россия армияси апрел ойидан буён эгаллаб олган ҳудудлардан кўпроқ эканини маълум қилди. «Медуза»нинг 10 сентябр кунги ҳисобларига кўра, Украина ой бошидан буён 4200 квадрат километр ҳудудни (Изюм ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари билан бирга - 11 сентябр куни украин қўшини шаҳар марказига етиб келди) қайтариб олган.