Ўзбекистон | 14:18 / 12.09.2022
15491
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида Жинпинг, Путин ва Раисий билан музокара ўтказади

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтадаги иш жадвали борасида маълумот берди.

Қайд этилишича, нафақат ҳафта, балки бутун йил энг муҳим сиёсий аҳамиятга эга тадбири - 15-16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши 22-мажлисидир. 

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов

Тадбирда 8 та аъзо мамлакат - Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат - Беларус, Эрон, Мўғулистон ва 4 та меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакат - Туркия, Озарбойжон, Туркманистон, Арманистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади. 

Аввал ташкилотга аъзо давлатлар етакчилари тор доирада мажлиси, сўнг барча делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтади. Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам кўзда тутилган. Кенг кўламда олиб борилган чора-тадбирлар самарасида бўлажак саммитда имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжат тақдим этилиши режалаштирилган.

Саммит доирасида давлат раҳбари бир қатор делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади, улар билан ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Хитой раиси Си Жинпинг 14-16 сентябр кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Ўзбекистон ва Хитой етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади. Учрашув якунида қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат раҳбари таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин 15-16 сентябр кунлари Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташриф билан мамлакатда бўлади. Ўзбекистон ва Россия етакчилари музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.

Бундан ташқари, президент таклифига биноан Эрон президенти Иброҳим Раисий 14-16 сентябр кунлари расмий ташриф билан мамлакатда бўлади. Икки мамлакат етакчилари музокара ўтказиб, кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқади, савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратадилар. Учрашув якунида қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид