Президент томонидан “Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиши мумкин;
  • шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва улар қийматини тўлиқ тўлаган шахслар харажатлари бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация миқдори қурилма қувватидан келиб чиққан ҳолда БҲМ 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.

Ушбу мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, маҳаллий чакана савдо объектларида, электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Шунингдек:

  • ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектларда, шу жумладан 619 Янги Ўзбекистон массивларида ва вилоятлардаги 28 мингдан ортиқ уй хўжаликларида муқобил энергия манбаларини жорий етиш;
  • вазирликлар ва идоралар таркибидаги 6 мингдан ортиқ объектларда муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш (2023 йил якунлари бўйича);
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминлаш (2022 йилда эҳтиёжманд оилалар 20 фоизи, 2023 йилда 80 фоизи);
  • қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сотиш имконияти (фақат "Ҳудудий электр тармоқлари" ва давлат томонидан ваколат берилган органга бундай энергияни сотиб олишга рухсат берилган, бунда электр энергиясини харид қилиш камида ўн йил муддат давомида амалга оширилади);
  • асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкалар 50 фоизи миқдорида тўлайди.