Европа Иттифоқи сўнгги ярим асрдаги энг йирик энергетика инқирозига учради. Бу дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига ярим триллион евродан кўпроқ зарар келтирди. Қиш ҳали бошланмади, иситиш мавсуми олдинда, аммо газ нархи ўтган йилгидан 10 баробар қиммат.

Бунга Путин айбдор, деб ҳисоблайди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

«Россия энергия бозори билан фаол равишда манипуляция қилмоқда», деди у Европарламент ва Европа Иттифоқининг 450 миллион фуқароларига йўллаган мурожаатида. - Россия нафақат Украинага қарши уруш бошлади. Бу бизнинг энергетикамизга, иқтисодиётимизга, қадриятларимиз ва келажагимизга қарши урушдир».

Бу қарама-қаршиликда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан бардош ва бирдамлик талаб қилинади. Еврокомиссия томонидан эълон қилинган янги режа айнан шуни кучайтиришга қаратилган. Шундагина ғалаба кафолатланади, деб қўшимча қилди фон дер Ляйен.

«Путин ютқазади. Украина ва Европа эса ғалаба қозонади», деди у ва Украинани қўллаб-қувватлашга, Кремлга нисбатан эса қаттиққўллик қилишга ваъда берди.

«Санкциялар сақланиб қолади. Энди ён бериш эмас, қатъийлик даври келди».

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба

Кремль Европа Иттифоқига қарши энергия урушини бир йилдан буён давом эттирмоқда. Путин бу урушда ҳужумга ўтганини Европа ёздаёқ тушуниб олган эди.

«Биз сизнинг фойдангиз учун музламоқчи эмасмиз. Германияда ҳукуматнинг энергетик сиёсатига қарши намойиш, 2022 йил 5 сентябр. Фото: EPA

Май ойига келиб, Россия газини етказиб бериш ҳажми уч йилликнинг энг юқори кўрсаткичларидан икки баробар пасайди ва кунига 250 миллион куб метрга тушиб қолди. Июл ойи бошида эса «Газпром» «Шимолий оқим» магистрал қувурини олдин профилактика мақсадида, сўнгра бутунлай ўчирди. Оқибатда газ етказиб беришнинг кундалик ҳажми 80 миллион куб метрга тушди – тарихий минимум.

Европа зудлик билан газ блокадасига тайёргарлик кўришни бошлади, қандай қилиб Россия энергия манбаларисиз қишни ўтказиб олиш ҳақида ўйлаб, фавқулодда режаларни тузди. Биринчиси июл ойида пайдо бўлди. У қиш учун газ тўплашни назарда тутар эди.

Иккинчи режани фон дер Ляйен хоним эълон қилди. У электр энергиясини қандай тежаш ва энергетикларнинг юқори даромадларини қиммат нархлардан азият чекаётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қайта тақсимлаш ҳақида эди.