09:01 / 15.09.2022
5724

Швеция бош вазири истеъфога чиқяпти

Магдалена Андерссон Швециядаги парламент сайловларида мағлубиятга учраганини тан олди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўнглар парламентдаги 349 ўриндан 176 ўринга эга бўлса, 173 ўрин сўлчиларга тегишли.

Фото: Getty Images

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон 14 сентябр, чоршанба куни мамлакатдаги парламент сайловларида мағлубиятга учраганини тан олиб, истеъфога чиқиш ниятида эканлигини маълум қилди
 
Швецияда 11 сентябр куни бўлиб ўтган парламент сайловларида овозларнинг 99 фоиздан ортиғи санаб чиқилгач, Мўътадил коалиция партияси етакчиси Улф Кристерссон атрофидаги тўртта ўнг блок Андерссон ва унинг Социал-демократик партияси атрофида ташкил этилган сўл марказчи блок устидан кичик фарқ билан ғалаба қозонди. Дастлабки маълумотларга кўра, парламентдаги 349 ўриндан ўнглар (Мўътадил коалицион партия, Либерал партия, Христиан-демократик партия ва «Швеция демократлари») 176 ўринга эга бўлди, 173 ўринни сўл партиялар вакиллари эгаллади.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Андерссон бу «кичик кўпчилик, аммо шунга қарамай кўпчилик» эканлигини таъкидлади. «Эртага мен бош вазирликдан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза бераман, жараённи давом эттириш масъулияти спикер ва риксдаг (Швеция парламенти – таҳр.) зиммасига ўтади», деди у ва янги ҳукуматда Социал-демократлар мухолифат партиясига раҳбарлик қилишини қўшимча қилди. Янги ҳукумат шаклланиши даврида Андерссон ўтиш даври кабинетига раҳбарлик қилади. 

Бош вазирликка эҳтимолий номзод сифатида кўрилаётган Кристерссон аллақачон янги ҳукуматни шакллантиришни бошлаб юборганини айтди. 

Кристерссон блокидаги тўрт партия охир-оқибат янги ҳукуматда ҳамкорлик тўғрисида келишиб оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Бироқ, овоз бериш натижалари шуни кўрсатадики, бир вақтлар маргинал ўнг қанот популистик «Швеция демократлари» биринчи марта Скандинавия қироллиги ҳукуматига кириши мумкин. Сайловда иштирок этиб, анъанавий ўнг қанот партиялари – Мўътадил коалиция, Либерал ва Христиан-демократлар – ўта ўнглар кўмагида мамлакатни бошқаришга тайёр эканликларини билдирди. 

Мутахассисларнинг фикрича, миграция сиёсатини қатъийлаштириш тарафдори бўлган «Швеция демократлари»нинг оммалашиб бораётгани Швецияга миграция оқими кучайиши билан бир вақтга тўғри келди. Аҳолиси 10 миллиондан сал кам бўлган бу Скандинавия давлати сўнгги ўн йил ичида ярим миллионга яқин бошпана изловчини қабул қилган. 

Top