Жаҳон | 15:43 / 16.09.2022
13948
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Тожикистонни ҳудудни эгаллаб олишга уринишда айблади

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда. Қирғизистон «Боткен» аэропорти ва шаҳар атрофига ракета отилгани ҳақида хабар берди.

Видеодан кадр

Тожикистон Қирғизистон билан чегарага оғир ҳарбий техникани олиб келяпти ва бу давлат ҳудудини ўққа тутиш учун «барча мавжуд арсеналдан фойдаланиб», унинг бир қисмини эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) шундай баёноти 16 сентябр, жума куни Қирғизистоннинг vesti.kg интернет нашрида эълон қилинди.

Аввалроқ Қирғизистоннинг economist.kg интернет нашри Тожикистон Боткендаги аэропортни ракеталар билан ўққа тутгани ва шаҳардаги «фуқаролик инфратузилмаси объектлари»ни вайрон қилгани ҳақида хабар берган эди. 
 
24.kg интернет нашри Қирғизистоннинг Боткен вилояти маъмуриятига таяниб ёзишича, чегаранинг «бутун периметри бўйлаб» - Қизилбел, Кўктош, Тамдиқ, Дўстук қишлоқлари, Торткочо ҳудудида тўқнашувлар давом этмоқда. Қайд этилишича, чегарага яқин қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилиш бошланган. 

16 сентябр куни эрталаб Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон томони Экитош, Чирдобо, Қуммозор ва Ортобўз ҳудудларидаги чегара отрядлари ва қирғиз томони позицияларини ўққа тута бошлаганини маълум қилди. Боткен чегара отрядига қарашли «Кўктош» чегара постига қарашли ҳудудга миномётлардан ўқ узилган.

Айни пайтда, Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини «оғир қуроллардан» ўққа тутишда айблади. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара барча ҳудудларда белгиланмаган ва шу сабабли вақти-вақти билан тўқнашув ҳудудига айланиб бормоқда. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада вазият охирги марта 14 сентябр куни кескинлашди, ўшанда чегарачилар чегаранинг учта участкасида отишма уюштирди. Оқибатда тожик томондан икки киши (ҳар иккиси ҳарбий хизматчи) ҳалок бўлган ва яна 11 киши жароҳатланган, қирғиз томондан камида беш киши, жумладан бир бола жароҳатланган. Ҳозиргача можарода камида уч киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид