13:31 / 16.09.2022
5096

Шавкат Мирзиёев ШҲТ Иқлим кенгаши ва Афғонистонни қўллаб-қувватлаш бўйича фонд таъсис этишни таклиф қилди

Самарқандда давом этаётган саммитнинг Кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ Иқлим кенгаши ва Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд таъсис этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанддаги саммитда Ўзбекистон президенти ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди.

«Барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Афғонистонга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – мазкур мамлакатни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни у ердаги мавжуд транспорт-логистика ҳабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этиш таклиф қилинди.

«Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.

Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради.

Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз», деди Президент.

Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Мавзу
Самарқандда ШҲТ саммити
15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ташкиллаштирилади.
Барчаси
Top