Жамият | 14:36 / 16.09.2022
47381
10 дақиқада ўқилади

 “Халқи боймас, лекин боласини ўқитишга кўп пул сарфлаяпти” – Вьетнамда “Йил ўқитувчиси” бўлган ўзбек йигити ҳикояси

Мактаб ўқувчилари кундузи 1 соат ухлаб олишади. Фақат бошланғич синфлар бепул ўқитилади. Ёшларнинг 85-90 фоизи инглиз тилини билади”. 12 тилда гаплаша оладиган Достонбек Сиддиқов 4 йилдан бери вьетнамликларга инглиз тилини ўргатади. У Kun.uz билан суҳбатда ўзи ва Вьетнам ҳақида бир-биридан қизиқ маълумотларни гапириб берди.

Фото: KUN.UZ

Яқинда 32 ёшли ўзбек йигити Вьетнамда “Йил ўқитувчиси” деб эътироф этилди. Ўзбек ўқитувчисининг бошқа давлатга бориб, бу натижага эришиши осон бўлмагани аниқ. Фарғонанинг Риштон туманида ўқитувчилар оиласида ўсиб-улғайган Достонбек Сиддиқов Вьетнамга боргунча кўп саргузаштларни бошдан ўтказган. Бу ҳақда унинг ўз ҳикояси бор.

“Уйда гўштсиз овқат есак ҳам ўқишимга тўлов қилишарди”

– Оддий оиланинг фарзандиман. Ота-онам, бувим таълим муассасасида ишлаган одамлар. Дадам менинг биринчи устозим. Неча ёшлигимдан бошлашганини билмайман-у, 3 ёшлигимда кирилл алифбосида ўқиб, ёза олган эканман. Аям эса қаттиққўл бўлган. Хато қилганимда еган калтакларим эсимда. Бувим ўзлари биринчилардан бўлиб очган лицейларида директорликдан нафақага чиққан, онам кутубхоначи. Дадам мактабда ишлаб, кейин телевидениега журналистликка ўтган.

Мактаб дарсларидан кейин уйимдан 10 километр узоққа велосипедда қатнардим. Уйда гўштсиз овқат есак ҳам, ўқиш тўловлари, китоб дафтаримга албатта пул етказишарди. Ўқиш даврим ҳам молиявий жиҳатдан анча қийин ўтган. Онамнинг ойлиги тўлиғича контрактимга кетарди. Бувим доим ҳозир қийналасан, эртага яхши бўлади, деб насиҳат қилар эдилар. "Пайнет" очиб ишлаб, уйимдагиларга ёрдам қилмоқчи бўлганимда ҳам бувимдан шундай танбеҳ олганман: "Биринчи ишинг шунақа осон бўлса, эртага сал қийинчиликда ишлай олмайсан".

Бошқа халқ ўқувчиларини ўқитишга қизиқиши бошлангани

2017 йилда зарурат туфайли Россияга боришим керак бўлди, у ерда бир тил марказида ишладим. Гуруҳимда ҳам ўзбек, ҳам қирғиз, ҳам тожик, руслар бор эди. Бу эса фақат инглизча гапиришим кераклигини англатарди. 3 ойда ўзимда анча ўсишни сездим. Кейин бир-икки дўстимга қизиқиб, Хитойга кетдим. Хитойда виза билан муаммолар юзага келди, виза янгилаш мақсадида Вьетнам, Малайзия, Таиланд, Камбоджа каби давлатларига бордим, йўл-йўлакай оз-моз ишладим. Шу орада бошқа тилларни ҳам ўргандим. Охири Вьетнамдаги шароит маъқул келиб, шу ерда қолиб кетдим. Таълим тизими бошида ёқмаганди, айниқса, ота-оналар билан савол-жавобларга тоқатим йўқ эди. Кейин билсам, бу уларга хос маданият экан.

Вьетнамда бошида мактабларда ишга олишмаган. Боғчада дарс берганман. Кейин мактабга, бошланғич синфлар ва ўрта мактабга ўтганман. Ҳозир Ўзбекистондаги 3 йиллик коллеж ва лицейларга ўхшаш таълимда ишлайман. 9,10,11-синфларга дарс бераман.

“Ёмон кўрса ҳам математикани ўрганишга мажбур”

– Осиё мамлакатларининг кўпида ишлаб кўрган бўлсам, асосан уларда математикага эътибор кучли. Вьетнамда ҳам 70 фоиз бола математикани ёмон кўради, лекин ҳамма ўрганиши керак.

Яқинда саҳар соат 3-4да бир ота боласини математикани ўрганишга мажбур қилиб, дарс қилдираётгани видеоси тарқалди. Отанинг ўзи телефонга қараб ўтирибди. Бола тоза ҳаво олай деб балконга чиқиб, ўзини ташлаб юборяпти. Шу воқеадан кейин математикани мажбурлаб ўргатмасликни тарғиб қилиб қолишди.

Мактабларнинг ўз формаси бор. Формасига қараб, қайси мактаблигини айтиш мумкин. Яна бир қизиқ нарса, Вьетнамда 21 ноябр ўқитувчилар куни бўлади. Ўша куни ота-она ўқитувчига гул ёки бошқа совға эмас, пул беради.

“Таълимга чет эллик ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича илгарилаб кетган”

– Вьетнамда инглиз тилига эътибор бошқа давлатларга қараганда кучли. Бу ерга келган сайёҳ қийналмайди. Аҳолининг кўп қатлами инглиз тилида гапира олади. Оддий аҳолининг ҳам кўпгина қисми инглизчани билади. Бу ерга кўп туристлар келади, улар ва оддий аҳоли ўртасида савдо-сотиқ бўлади. Шунинг учун улар тирикчилик мақсадида ҳам инглиз тилини ўрганишга мажбур.

Бола ҳали Вьетнам тилини ўрганмасдан боғчада инглиз тили ўқитувчиларидан дарс оляпти. Инглиз тили муҳити билан ўсган болалар, бир неча йилдан кейин инглиз тилини бемалол гапирадиган бўлиб кетишади. Ҳозир мамлакатнинг барча жойида шунақа эътибор бериляпти.

Ёшларнинг 85-90 фоизи инглиз тилида гапира олади. Вьетнам таълимга чет эллик ўқитувчиларни жалб қилишда илгарилаб кетган. Улар аввал университет, кейин ўрта мактаб, бошланғич мактаб, ҳозир боғчаларда ҳам ишлашяпти. Мен яшаётган шаҳарнинг ўзида 200га яқин хорижлик ўқитувчи бор. Яқин вақтгача таълим сифати ёмон бўлган Вьетнамни хорижлик ўқитувчилар кўтаряпти.

Вьетнам таълимидаги коррупция ҳақида

– Ўқитувчи ойлиги унинг тажрибаси, малакаси, мактабига қараб белгиланади. Ўртача 400-500 доллардан олишса керак. Чунки 200 доллар (энди иш бошлаганлар) олиб ишлаётганини ҳам, 700 доллар олиб ишлаётганини ҳам кўрдим.

Ойлик эса 200-250 доллар. Ўқитувчилар бу ойлик учун эмас, мактабга кириб, репетиторлик қилиш учун ҳаракат қилишади. Кўрсангиз, спорт залга ўхшаш катта жойда, 100-150 кишига дарс ўтишади. Ўқитувчининг ойлиги кўп эмас, лекин репетиторликдан даромади яхши.

“Дарс давомида болани кузатиб туришни ўқитувчи эмас, камера бажаради”

– Ҳозир математика, IТ соҳасида Вьетнам илгарилаб кетган, навбат инглиз тилига. Синфхоналарда камера бор. Ўқитувчига телефонга қараб сўзнинг таржимасини кўришга ҳам рухсат йўқ. Камерани 2 одам доимий равишда текшириб кузатиб туради. Бола дарсга киришидан олдин, қутига телефонини қўйиб киради. Синфхонага колонка ўрнатилган. Агар бола телефон ўйнаётганини кўришса, ўша колонкадан исм-фамилиясини айтиб, синфхонадан чиқариб юборишади. Ўқитувчи болани кузатиш эмас, унга дарс бериши керак.

Таълимга кўп сармоя киритаётган ота-оналар

– Ҳақиқатан ҳам халқ жуда боймас. Лекин боласининг тарбияси учун жуда кўп пул сарфлашади. Ота-оналар болаларни қаттиқ тутишади. Уйда ўтиргани қўймайди. Эрталаб 7да уйдан чиқариб, 3да мактабдан олиб, қўшимча дарсга, у тугаса яна бошқа тўгаракка олиб боради. Боласининг келажаги учун катта инвестиция киритишяпти.

Кўпчилигининг орзуси қаергадир четга чиқиб кетиб ишлаш. Боласи учун пулни аямаяпти. Кўрсангиз ўзи, кийиниши, миниб юрган мотоцикли бир аҳволда, лекин боланинг мактабига пул аямайди. Бу ерда фақат бошланғич мактаб бепул, қолгани ҳаммаси пулли.

Ўқитувчига жамиятдаги ҳурмат

– Хитой, Таиланд ва Вьетнамда ҳам ўқитувчилар мавқеи жуда юқори. Ота-она доимий ўқитувчилар билан алоқада, бола тарбияси, таълимида жуда қаттиққўл экан. Таълим системаси зўр эмас, лекин жуда тез ривожланяпти. Ўқитувчиларига кўп имкониятлар берилган. Ўқитувчи, врачлар мавқейи жамиятда юқори. Тай (эркак) Cо (аёл киши учун) ("устоз" дегани) деб қаерга борсангиз ҳурматингизни жойига қўйишади.

Бола ҳар ерда бола. Доим ўқигиси келмайди, лекин рейтингни кўрган ота-онадан яхши танбеҳ олгандан кейин шунақа зўр ўқишади. Агар ўқитувчи онангга телефон қиламан, деса бўлди, яхши бола бўлиб, дарсини қилиб ўтираверади.

Виетнамча кундузги уйқу

– Синфда 50 нафаргача бола бўлиши мумкин (Вьетнам аҳолиси 100 миллионга яқин). Бу эса сифатга таъсир қилмай қолмайди, шунинг учун ҳам қўшимча дарслар йўлга қўйилган. Бола мактабда яшайди!

Ўртада тушлик маҳали мактабда, парталар устида ёки полда ухлашади (кўрпа-тўшаги бор). Виетнамда кундузги уйқу миллатнинг ажралмас қисми. Мажбурий таълим муассасаларида (1–12 синфлар) ўқувчилар деярли яшайдилар. Куннинг асосий қисмини ўтказадиган бу жойда куннинг қоқ пешин пайтида болаларга ухлаб олиш мажбурий.

Бу уларнинг академик салоҳиятини оширишга ёрдам бераркан. Биринчи иш кунимда ҳайрон қолгандим: ўқитувчилар матрасларда пинакка кетишди. Ўқитувчилар хонасида!

Кейинчалик билдимки, банкларда, давлат идораларида ҳам шу аҳвол. Кундузи 1да кўчада бировни кўрмайсиз. Катталарни билмадим-у, болага етарлича уйқу зарур. Уйқусираб турган бола мияси тўлиғича мавзуни ўзлаштира олмайди.

“Йил ўқитувчиси” деб эътироф этилгани ҳақида

– “Йил ўқитувчиси” танлови фақат хорижий экспертлар ўртасида эди. Худди шу танлов маҳаллий ўқитувчилар ўртасида ҳам бўлади. Меҳнат эътиборсиз қолмас экан. 3 йиллик меҳнат, натижаларим (жуда кўпчилик ўқувчиларим IELTS’дан юқори балл олган, хорижий университетларда ўқишни давом эттиришмоқда) сабаб бўлди шекили, шу мукофотга маъқул кўрилдим.

У ерда америкалик, англиялик тажрибали ўқитувчилар ҳам бор эди, яъни мен учун бу фақат орзу, орзу ҳам қилмагандим, бу деярли имконсиз, деб ўйлардим. "Қандай қилиб сен инглиз тилини ўқитасан, ўзингга ўқитувчи керак", деган гаплар бўлмаслиги учун кечалари ухламай, ҳар хир янгиликлар, интерактив дарслар қилишга ҳаракат қилдим. Хуллас, меҳнатим ўзини оқлади. Бир янгилик ўргансам, қанийди Ўзбекистонга бориб, болалар билан шу бўйича ишлаб кўрсам, деган фикр хаёлимда туради.

Ўзбекистон Вьетнамдан нима ўрганиши керак?

– Бизда нима етишмайди? Ҳамма танқид ўқитувчи-ю, мактабга бўлиб қолган. Натижа бўлиши учун ота-оналар ҳам ишлаши керак. Ҳамма бир гап бўлса, ўқитувчини айблайди. Ваҳоланки, таълимга фақат ўқитувчи эмас, барча масъул бўлиши керак. Врачлар Гиппократ қасамини ичганларидек, ўқитувчи ҳам "педагог" деган дипломини олиши миллатни асрашга қасам ичишидир. Моддий тарафдан зўр бўлмаслиги мумкин, соғлигини йўқотиши мумкиндир, лекин шу қасами туфайли мактабини, эски доскаси-ю стол-стулини ташлаб кетмайди.

Қисқача қилганда, ўрганишимиз керак бўлган нарса, ўқитувчига, таълимга бўлган ҳурмат. Танқид яхши, агар у ўринли бўлса. Бизда эса аксинча, билиб-билмай бировнинг мотивациясини ўлдириб қўйишади.

Кейинги навбатда эса ўқитувчи ва ота-оналар ҳамкорлиги ҳам муҳим. Шундагина яхши натижалар кўринади.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид