Жаҳон | 10:26 / 17.09.2022
9999
4 дақиқада ўқилади

Германия Беларусни футбол бўйича ЕЧ саралашидан четлатишни сўради

Германия ИИВ раҳбари фикрича, нафақат Россия, балки Беларус ҳам футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионати саралашида иштирок этишдан четлатилиши керак.

Фото: Ali Humayun

Германия ички ишлар вазири, хусусан, спорт билан боғлиқ масалалар учун масъул Нэнси Фезер Беларус терма жамоасини Германияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионати саралаш босқичида иштирок этишдан четлаштиришга чақирди. Фезер Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) раҳбари Александер Чеферинга тегишли сўров билан хат йўллади. AFP агентлигига 16 сентябр, жума куни хабар юборилганини вазирлик вакили тасдиқлади. Мактуб ҳақида илк бор Германиянинг Der Spiegel журнали хабар берган.
 
Фезер «барча халқаро футбол ўйинлари ва турнирларидан нафақат халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда тажовузкор уруш олиб бораётган Россияни, балки Россия раҳбариятининг асосий ёрдамчиси сифатида Беларусни ҳам олиб ташлашни» талаб қилмоқда. Вазир сўзларига кўра, футбол жамоатчилиги «ўз масъулиятли ролига мос келиши ва инсон ҳуқуқларини менсимасликнинг Москва ва Минск намойиш қилаётган кўринишига қарши бирдамлик билан туриши» керак. Давлатларнинг қонунбузилишига масъул спортчилар «спорт билан шуғулланиш, таъсир қилиш ёки бошқа йўл билан вакиллик қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши керак», деди Нэнси Фезер. 

Вазир, шунингдек, Россия ва Беларус расмийларини халқаро спорт федерацияларининг нуфузли органларидаги лавозимларидан четлаштиришни талаб қилмоқда. 

9 октябр куни Франкфурт-Майнда Евро-2024 саралашига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Der Spiegel эслатишича, Россия терма жамоаси ва Россия клублари баҳордан бошлаб халқаро футбол турнирларида иштирок этишдан четлатилган. 

Айни пайтда, Россия ва Беларус спортчилари ҳали ҳам барча халқаро биатлон мусобақаларига киритилмаяпти. Бундай қарор Халқаро биатлон иттифоқи (IBU) томонидан 16 сентябр куни Залцбургда бўлиб ўтган конгрессда қабул қилинди. 

Шу тариқа, раҳбариятнинг 1 мартдан бери амалда бўлган санкцияларни узайтириш ҳақидаги илтимоси қўллаб-қувватланди. Режим кейинги огоҳлантиришгача сақланиб қолади. Россия ва Беларус миллий федерациялари Москванинг Украинадаги урушидан аниқ узоқлашмагунча четда қолади. 

Шу билан бирга, Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах Халқаро биатлон иттифоқи конгрессига йўллаган видеомурожаатида русларни четлаштириш атрофидаги муаммони «ҳал қилишини» айтди. «Мен ҳеч қандай аниқ қадамлар ёки муддатларни эълон қила олмайман», дея қўшимча қилди у. 

Аввалроқ, август ойи ўрталарида канадалик ҳуқуқ профессори, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Россия ҳукумати идораларининг 2014 йил Сочида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларидаги допинг фирибгарлиги ҳақидаги айбловларини текшириш бўйича комиссияси собиқ раҳбари Ричард Макларен Россия ва Беларус спортчилари халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлатилганига қарши чиқди.

Канадалик спортчилар ўз мамлакатлари сиёсати учун масъул деб ҳисобланганини танқид қилди: «Спортчилар бу можаронинг ташаббускори бўлмаган ва унинг учун жавобгар эмас. Бу уларнинг яна иштирок этишига рухсат бериш учун иккита яхши сабабдир».

Ричард Макларен бир қатор россиялик ва беларуслик спортчилар мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Халқаро спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилишини кутганди. «Агар CAS спортчилар фойдасига қарор қилса, федерациялар уларга яна мусобақаларда қатнашишига рухсат беришга мажбур бўлади», деди у. Ҳуқуқшунос руслар ва беларусларнинг суддаги имкониятлари ҳақида гапиришни истамади ва уларнинг иши бўйича қарор ҳар қандай бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид