Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро давлатлар президентлари ўт очишни тўхтатиш, куч ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олганидан кейин давом эттирилди.
Жума куни кечқурун Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги қурбонлар сони 24 кишини ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.
«Тезкор маълумотларга кўра, Боткен областидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига 24 кишининг жасади келтирилган», дейилади хабарда.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида шифохоналарга 87 нафар жабрланувчи олиб келинган, улар асосан снаряд парчаларидан ва ўқотар қуроллардан жароҳат олган. Республика ФВВ хабар беришича, можаро ҳудудидан 136 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.

Мамлакат президенти матбуот хизмати Садир Жапаров ШҲТ саммитидан қайтгани ва чегарадаги вазиятни ҳал қилиш учун ҳукумат йиғилишини чақирганини хабар қилган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати 16 сентябр куни кечқурун чегарадаги вазият кескинлигича қолаётгани, Тожикистон Қирғизистон позицияларини ўққа тутиш давом этаётгани, айрим ҳудудларда шиддатли жанглар бўлиб ўтаётганини хабар қилди.
«Соат 22:20да тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Тамдиқ чегара постини ўққа тута бошлади. Тожикистон ҳудудига қўшимча куч ва воситалар, оғир ва автомобил техникаси олиб келинаётгани қайд этилган», — дейилади хабарда.
Ўз навбатида Тожикистон томони икки давлат раҳбарлари келишувига қарамай қирғиз ҳарбийлари Тожикистон ҳудудини ўққа тутишни бошлаганини хабар қилган.
Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизмати Қирғизистон томони Тожикистондаги фуқаролик объектларига ҳужум қилиш учун ҳарбий вертолётлар ва зарбдор дронлардан фойдалаётганини маълум қилган.
Тожикистон ҳозирча чегарадаги можарода қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Маҳаллий нашрларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.
Воқеалар тарихи
Боткен области - Қирғизистоннинг энг чекка ва ғарбий ҳудуди бўлиб, икки томондан Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараланган. Боткен областида шу вақтга қадар тожик-қирғиз чегарасининг 308 километрлик қисми, шунингдек унга ёндош жойлашган 210 минг гектар майдон (қарийб Люксембург ҳудудига тенг) ҳалигача келишиб олинмаган.


















