“Давлат бу – катта оила. Унинг аъзолари сизнинг биродарларингиздир. Камбағалларнинг муваффақиятсизлигига қисман юқори қатламнинг эътиборсизлиги ва бепарволиги сабаб бўлади”. Бу жумла рус ёзувчиси Григорий Петровнинг “Оқ нилуфарлар юртида” китобидаги қаҳрамон Снелманга тегишли.

Муаллиф ҳақида қисқача

19 асрнинг охири ва 20 асрнинг бошларида яшаган ёзувчи Григорий Петров Европа бўйлаб саёҳат қилиб, турли халқлар ҳаётини ўрганади. Унинг машҳур китобларидан бири “Оқ нилуфарлар юртида” 600 йил мустамлакачиликда яшаган фин халқининг қандай оёққа тургани ҳақида ҳикоя қилади. Ёзувчи 1900 йилларда Финландияга қилган саёҳатлари давомида ўзини англаётган, ҳаётини яхшилашга уринаётган финлар билан суҳбатда бўлган. Узоқ йиллар Швеция ва Россиянинг қарами бўлган Финландия 1917 йилда ўз мустақиллигини эълон қилади. Китобда шу давргача бўлган ҳаёт ҳақида сўз боради. Асарда одамлар ҳаётини яхшилашга бел боғлаган қаҳрамонлар ва улар тутган йўллар ҳақида баён қилинади.

16 марта турк тилига таржима қилинган

“Оқ нилуфарлар юртида” 1923 йилда серб тилида нашр қилинган. Ҳаётини ўзгартириш истагида ишончли йўл қидираётган халқлар уни ўз тилларига таржима қила бошлашади. Жумладан, у 14 марта болгар ва 16 марта турк тилига таржима қилинган. Китоб ўша пайтда Туркияда ҳарбий хизматдаги ёшлар ўқийдиган китоблар таркибига ҳам киритилган. Асар жуда катта эмас, жами 100-110 саҳифадан иборат. Ва кичик-кичик 17 қисмга бўлинган бўлиб, уларда Финландияни ким, қайси йўналишда, қандай қилиб ислоҳ қилишни бошлагани ҳақида гапирилади.

Асарнинг инглиз, рус ва турк тиллардаги электрон вариантларини google қидирув тизимидан топиб ўқишнинг имкони бор. Шунингдек, китоб Ният Сунтонмуродов таржимонлигида ўзбек тилига ҳам таржима қилинган ва бу ўзбек китобхонлари учун фойдали бўлганини эътироф этиш керак. Ўзбек тилидаги вариантда китоб бошланишида Финландиянинг тарихи ҳақидаги маълумотлар китобхонда мамлакат ҳақида яхлит тасаввур пайдо бўлишига ёрдам беради. Бундан ташқари, финларнинг бугунги муваффақиятлари, таълимда тутган йўли билан Ўзбекистон солиштирилгани ҳам китобни жонлантирган. Бироқ бу таржима айрим ғализликлардан холи эмас. Шу сабаб китоб қайта таржима қилиниб, нашр этилса, фойдадан холи бўлмасди.

Снелманнинг хизмати нимада эди?

Бугун Финландияни дунё эътироф этишида фин файласуфи, ёзувчи ва дипломати Жоҳан Вилҳелм Снелманнинг ўрни бениҳоя катта. Финландия ривожланиши ва Снелман сўзлари синоним бўлиб кетган. Ҳатто мамлакатда ҳар йили 12-майни Снелман куни деб байрам қилишади. “Оқ нилуфарлар юртида” китоби ҳам Снелман ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Хўш, Снелманнинг хизмати нимада эди?