Кремл Украинага қарши урушда қатнашиш учун «кўнгиллилар» деб аталувчи шахсларни ёллашга катта эътибор қаратмоқда, улар орасида ёлланма аскарлар, маҳбуслар ва ҳатто казаклар бўлинмалари ҳам бор, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) душанба, 19 сентябр куни ўз ҳисоботида. Шу билан бирга, Путин олий ҳарбий қўмондонлик розилигисиз «кўнгиллилар»нинг урушда иштирок этиши бўйича қарорлар қабул қиляпти, бу эса президент ва Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштирмоқда.
ISW маълумотларига кўра, Путин Украина Қуролли кучлари Харкив областидаги қарши ҳужумда муваффақият қозонганидан сўнг сафарбарлик йўли билан Россия мунтазам қўшинлари захираларини тўлдиришга умид боғлаш ўрнига «кўнгиллилар»ни ёллаш ва «қўғирчоқ тузилмалар» билан ишлашга кўпроқ эътибор бера бошлади. Аммо бундан олдин ҳам президент баъзи ҳаракатларни қўмондонлик билан мувофиқлаштирмаган - бутун ёз фасли давомида.
Институтнинг таъкидлашича, урушда қатнашиш учун ёллаш ҳам маҳбуслар орасида, ҳам казаклар бўлинмаларида, ҳам Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида амалга оширилмоқда. Айни пайтда, Украинанинг Донецк ва Луганск областларининг босиб олинган ҳудудларида эркакларни мажбурий сафарбар қилиш кузатилмоқда. ISW маълумотларига кўра, шу тарзда йиғилган армия корпуслари самарасиз бўлади ва уларни бирлаштирадиган ягона нарса бу - «армия ва жанговар тайёргарликнинг мутлақо етишмаслиги».
Бундай бўлинмаларнинг шаклланиши Россия қўшинларида мутахассислар кузатаётган кучли кескинликни, тенгсизликни ва бирдамлик йўқлигини янада кучайтириши мумкин. Шу тариқа, ISW маълумотларига кўра, жангчилар Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ваъда қилинган имтиёзларни олмаяпти, «ДХР» ва «ЛХР» аскарлари бир-бирларининг ҳудудлари учун жанг қилишдан бош тортишяпти, чечен раҳбарияти томонидан бошқариладиган бўлинмаларда эса сезиларли этник камситиш мавжуд.
Профессионал ҳарбий хизматчилар ёлланган маҳбуслар орасида хулқ-атвор билан боғлиқ муаммоларга дуч келишлари мумкин, дейди экспертлар. Улар колонияларда маҳбуслар ҳарбий хизматга ёлланаётгани ҳақидаги хабарларга шундай муносабат билдирди.
Истеъфодаги россиялик зобитлар Кремл қарорларини танқид қилиб, «кўнгиллилар» ўртасида интизом йўқлигини билдирди, бу эса профессионал ҳарбий хизматчилар билан зиддиятга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, шошилинч ўқитилган бўлинмаларнинг шаклланиши рус қўшинлари қудратини оширишга унчалик таъсир қилмайди, чунки «кўнгиллилар» фронтга келгани ҳақидаги кўплаб хабарларга қарамай, Россия улар иштирокида ҳеч қандай операция ўтказа олмаяпти.













