«Браво, Алла Борисовна!», «Аллага ҳурмат», «Алла Пугачёванинг кўп йиллардаги энг яхши ижроси» - русийзабон ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари таниқли қўшиқчининг «Россияни қувғин қилиш ва фуқаролари ҳаётини қийинлаштириб қўйиш» хаёлий мақсадлари учун йигитлар ўлимини тўхтатиш»ни сўраган турмуш ўртоғи, артист Максим Галкин билан бирдам экани ва «хорижий агентлар» қаторига ўзини ҳам қўшишни сўрагани ҳақидаги баёнотига шундай реакция билдирди. Бир неча соат ичида, 18 сентябр, якшанба оқшомида Алла Пугачёванинг 3,4 миллион обуначиси бўлган Instagram саҳифасидаги ушбу пости ярим миллиондан ортиқ «лайк» тўплади. 

Пугачёванинг турмуш ўртоғи Галкинни қўллаб-қувватлаган баёнотида «Украина» сўзи йўқ, бироқ фойдаланувчилар аксарияти буни айнан Россиянинг қўшни давлатга бостириб киришини танқид қилиш сифатида қабул қилди ва хонанданинг бу қадамини юқори баҳолади. 

Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари баҳо беришда нисбатан совуққон бўлди. Пугачёванинг Украинадаги урушга умуман қарши чиқмагани, фақат «эрини қўллаб-қувватлагани» ва ўз постини «иложи борича тушунарсиз» ёзганини таъкидлаган ушбу фойдаланувчилар унинг урушга муносабатини «ярим йил кутишга тўғри келганини» айтишди.

Шу билан бирга, Пугачёванинг баёноти кўплаб интернет фойдаланувчиларининг танқидига сабаб бўлди, улар қўшиқчини хиёнатда айблади.

Қўшиқчининг сўзларига нафақат оддий фойдаланувчилар, балки кўплаб россиялик сиёсатчилар, санъаткорлар ва бошқа таниқли шахслар ҳам муносабат билдиришди. 

Ҳозир Францияда бўлган актриса ва режиссёр Рената Литвинова ўзининг Telegram-каналида «Алла, сенга ҳурматим чексиз», деб ёзди.

«Алла Пугачёва сўз эркинлиги учун, қатағон ва урушга қарши чиқди. Ёвуз кучларга қарши миллион қизил атиргул», - дея қўшиқчини қўллаб-қувватлади адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков Twitter саҳифасида.

«Путин ким? Алла Пугачёва давридаги майда сиёсатчи», - дея таъкидлади мухолифатчи сиёсатчи Дмитрий Гудков Twitter саҳифасида. 

Санкт-Петербург қонунчилик йиғилишининг 5- ва 6-чақириқ депутати Максим Резник «Пугачёва қўзғолони режимнинг қулашига олиб келади» деган фикрни билдирган, россиялик иқтисодчи, профессор Максим Миронов эса Twitter’да Алла Борисовна унинг 2024 йилги Россия президентлигига сайловларда номзоди эканини маълум қилди.