Президент “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. 

Бу ҳақда пенсия жамғармаси хабар бермоқда.

 Унга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади.

Пенсия жамғармасининг тушунтиришича, янги тартиб нафақат 2023 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқадиган фуқаролар учун, балки 2023 йил 1 январдан олдин тайинланган пенсиялар учун ҳам татбиқ этилади.

Яъни ўртача иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробари (бугунги кунда 3 240 000 сўм)дан юқори бўлган пенсионерларнинг пенсияси 2023 йил 1 январдан қайта ҳисобланади.

Шунда ўртача иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 3 888 000 сўм бўлади. 

Натижада, 352 мингдан ортиқ фуқаронинг пенсияси қайтадан ҳисоб-китоб қилинади ва келгуси йилда Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,5 трлн сўмдан ортиқ маблағлар ажратилади.

Аввалроқ Пенсия жамғармаси масъули Kun.uz билан суҳбатда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб 3 тоифа нафақаларини тайинлаш проактив тизимга ўтаётгани борасида гапириб берганди.