Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси 77-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка ташриф буюрган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунюй билан учрашди.

Владимир Норов Ўзбекистон ФАОни барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим глобал кўп томонлама платформа, деб билишини қайд этди.

2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат ва ФАО ўртасида имзоланган доиравий дастурни тўла амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Цюй Дунюй Самарқанд шаҳридаги ШҲТ саммити чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

ФАО бош котиби ташкилот озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.