Ўзбекистон | 08:47 / 22.09.2022
3211
2 дақиқада ўқилади

Дубайдан Наманганга ҳам тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликларининг Fly Dubai авиакомпанияси бош директори Ғайс ал-Ғайс Самарқанд шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Фото: Kun.uz

20 сентябрдан бошлаб БАА лоукостер компанияси Самарқандга ҳафтасига 2 бор тўғридан тўғри рейсларни амалга оширишни бошлади. Шу муносабат билан Транспорт, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Uzbekistan airports» АЖ, Fly Dubai авиакомпанияси раҳбарлари иштирокида Ипак йўли Самарқанд туризм марказидаги Samarkand Regency Amir Temur меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг Fly Dubai авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қатнов географияси кенгайтирадими, деган саволига жавобан компания бош директори Ғайс ал-Ғайс шундай жавоб берди:

— Биз Тошкентга ҳар кунлик мунтазам қатновларни, мана энди Самарқандга ҳам қатновларни йўлга қўйдик. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шунингдек, 24 сентябрдан бошлаб Наманган шаҳрига ҳам мунтазам қатновларни йўлга қўямиз.

Fly Dubai авиакомпаниясига 2008 йилнинг 19 мартида асос солинган. Компания ихтиёрида 70 га яқин Boeing 737-800 ва Boeing 737-MAX самолётлари бўлиб, 100 га яқин шаҳарларга парвоз қилади. Компания парвозлар географиясини янада кенгайтириш учун яна 150 та самолёт буюртма қилган. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид