Украинада уруш бошланганидан бери кўплаб россиялик амалдорлар, сиёсатчилар, мутасаддилар ва телебошловчилар Украинага ёки унинг иттифоқчиларига ядровий зарба бериш эҳтимоли ва баъзи ҳолларда зарурати ёки ҳатто муқаррарлиги ҳақида гапиришмоқда. Россия президенти Владимир Путин ҳам Ғарб давлатлари таҳдиди юзага келган тақдирда ядро арсеналидан фойдаланишга тайёр эканлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирди. Бироқ, ҳар доим шундай бўлмаган. Путин ўзининг 22 йиллик ҳокимиятида ядровий қуролларни қисқартириш сиёсатидан тўғридан тўғри бундай қуроллардан фойдаланиш билан таҳдид қилишга ўтди.

2000 йил

Путин Россия Федерациясининг ҳарбий доктринасини тасдиқлади. Унга кўра, Россия ўзига ёки иттифоқчиларига қарши оммавий қирғин қуроллари қўлланишига жавобан, шунингдек оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда кенг кўламли тажовуз амалга оширилиши натижасида «Россия Федерациясининг миллий хавфсизлиги хавф остида қолган вазиятларда» ядровий арсеналдан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Бундан ташқари, доктринада айтилишича, Россия ядро қуролига эга бўлмаган ва уни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатларга нисбатан ядро зарбаси бермайди. Бу давлатлар «ядро қуролига эга бўлган давлат билан ҳамкорликда ёки иттифоқчилик мажбуриятлари остида» ҳужум қилган ҳолатлар бундан мустасно.

2002 йил

Путин Россия ва Қўшма Штатлар учун жанговар ҳолатда турувчи ядро қуроллари сонини чекловчи Стратегик ҳужум салоҳиятини қисқартириш тўғрисидаги шартномани имзолади.

«Қўлида ҳар қандай қурол, шу жумладан, ҳатто ов милтиғи бўлган ҳар қандай одам биладики, уни ўқланган ва куракка бармоқни теккизган ҳолда сақлагандан кўра, ўқсиз сақлаш анча яхши ва хавфсизроқ», – деди президент Путин АҚШ президенти Жорж Буш билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида.

2007 йил

«Россия Федерациясининг анъанавий конфессияси ва ядро қалқони Россия давлатчилигини мустаҳкамлайдиган, мамлакатнинг ички ва ташқи хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратадиган таркибий қисмлардир. Бундан биз давлат бугун ва келажакда уларнинг ҳар бирига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида аниқ хулоса чиқаришимиз мумкин», – деди Путин Кремлдаги йиллик матбуот анжуманида.

2010 йил

Путин янги ҳарбий доктринани тасдиқлади. Унга кўра, Россия ўзига ёки иттифоқчиларига қарши оммавий қирғин қуроли қўлланишига жавобан, шунингдек, Россия Федерациясига оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовуз қилиниши оқибатида давлат мавжудлигига таҳдид туғилганида ядро қуролидан фойдаланиши мумкин.