“Кўп квартирали уйга туташ ер участкасини кўп квартирали уйни бошқариш органига фойдаланишга бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи кўп квартирали уйга туташ ер участкасини бошқариш органига фойдаланишга бериш тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • кўп квартирали уйга туташ ер участкасини фойдаланишга бериш ва сақлаш тартиби, фойдаланишда белгиланадиган асосий талаблар;
  • туташ ер участкасида жойлаштирилиши мумкин бўлган бино ва иншоотлар, бошқариш органи туташ ер участкасидан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • туташ ер участкасидан фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик ва низоларни ҳал этиш тартиби.

Белгилаб қўйилишича:

  • туташ ер участкасидан фойдаланиш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари розилигига асосан амалга оширилади;
  • туташ ер участкаси фақат ушбу ер участкасидан фойдаланиш мумкин бўлган мақсадлар учун ва ушбу кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи бошқариш органига берилади;
  • туташ ер участкасидан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара тўловлари кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилиши қарори билан белгиланади;
  • туташ ер участкасидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ушбу кўп квартирали уй умумий мол-мулкини бошқариш харажатларига йўналтирилади.

Туташ ер участкасини бошқариш органига фойдаланишга бериш жойлар мулкдорлари умумий йиғилиши қарори асосида амалга оширилади.

Туташ ер участкасини фойдаланишга олиш учун бошқариш органи ушбу масалани муҳокама қилиш тўғрисида жойлар мулкдорлари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида эълонни йиғилиш ўтказилиши белгиланган кунидан камида ўн кун олдин уйлар ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш ёхуд умумий йиғилишда сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун умумий йиғилиш қарори лойиҳасини ҳар бир мулкдорга юбориш орқали хабардор қилади.

Жойлар мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш тегишли хабарни ёки умумий йиғилишда сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш юзасидан тайёрланган умумий йиғилиш қарори лойиҳасини буюртма хат билан юридик манзилга юбориш, электрон хабар қилиш ёки ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.