Маълум бўлишича, Ўзбекистонда август ойининг ўзида никоҳдан ажралишга доир 4123 та ҳолатлар қайд этилди. Юртимизда бир ойда шунча ажрим содир бўлаётган бўлса, бу рақам бир йилда қарийб 50 мингтани, 5 йилда эса 250 мингтани ташкил қилади. Бу жуда аянчли!

Ажралишга нималар сабаб бўлмоқда. Қуйида биз айрим қаҳрамонларимиз ҳаёти мисолида масаланинг туб илдизига эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз.

Малика ажрашганда боласи чақалоқ эди. Ота-онасидан айрилганидан сўнг қайнонаси «мен орзу-ҳавасли аёлман, қудаларим билан борди-келди қилишни хоҳлайман», деб уйдан қувиб юборди. Эри чет элга ишлагани кетган эди. Қайнотаси ҳам ёнини олмади — хотинининг гапидан ўтолмади. Ўғли қайтиб келиши ҳамоно онаси уни бошқага уйлантириб қўйди. Йигит ҳам ўғиллик вазифам деди-ю, эрлик, оталик вазифасига кўз юмди.

Отасининг касалини даволатиш учун қизлик уйи сотилиб кетган, борарга жойи, суянгани одами қолмаган Малика бир неча бор бўйнига сиртмоқ ҳам солмоқчи бўлди. Аммо жажжи қизи олдидаги масъулият уни ушлаб қолди. Бугунга келиб қизи Омина 4-синфга ўтди, аммо улар ҳали ҳам ижарама-ижара, бошпанасизликдан қийналиб юради.

Халқаро миқёсдаги статистик маълумотларга кўра, ажрашган ҳар бешинчи аёл қашшоқликка тушмоқда, ҳар учинчи аёл уй-жойсиз қолади. Аксарият эркакларнинг турмуш даражаси 10–40 фоизга пасайиб кетади. Бу ҳолат ўз навбатида жамият тараққиётига ҳам ўз таъсирини ўтказади ва камбағаллик ўсиши, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар кўпайишига сабаб бўлади.

БМТ томонидан ҳар йили ажралишларнинг глобал коэффициенти бериб борилади. Мазкур маълумотларга кўра, никоҳдан ажрашиш статистикаси бир қатор таъсирчан омиллар туфайли кескин ўзгариб бормоқда. Дунё бўйича ажрашишга жуфтликларнинг ўзаро мос келмаслиги, хиёнат, гиёҳвандлик/алкоголга қарамлик, моддий етишмовчилик ҳамда жисмоний/руҳий зўравонлик катта таъсир ўтказади.

Шунингдек, ўзбек оилаларининг ажралишларига учинчи шахсларнинг аралашуви, қайнона-келин муносабатлари, фарзандсизлик, ёш оилаларнинг ўз уй-жойига, даромад манбаига эга эмаслиги каби омиллар ҳам катта таъсирга эга.

Қайнонанинг аралашуви билан оиласи бузилган Малика сингари аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Оила учун мутлақо керак бўлмаган олди-берди, ўткинчи орзу-ҳаваслар сабаб болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлишмоқда.

“Бахтиёр оила” китобида келтирилишича, ота‑оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари ёш оилаларнинг ажралишига сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак, деган фикрда бўладилар. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота‑она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ.