15:11 / 28.09.2022
7440

Иброҳим Раисий: Ўзбекистонни Чобаҳор битимига ҳамда Шимол-жануб йўлагига қўшишга тайёрмиз

Эрон президенти Иброҳим Раисий жорий йил 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Давлатлар етакчилари икки томонлама муносабатни янада мустаҳкамлаш масаласини кўриб чиқди.

Иброҳим Раисий

ЎзА мухбири ШҲТ саммити доирасида Эрон президенти билан икки давлат ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик, имзоланган янги битимлар натижасида кутилаётган янгиликлар хусусида суҳбатлашди.

Президентнинг сўзларига кўра, Эрон очиқ денгизга чиқиши учун энг яхши, энг қулай ва энг арзон йўналиш сифатида Ўзбекистонга бу борада имкон қадар кўпроқ ёрдам беришга тайёр. 

«Биз Ўзбекистон мустақилликка эришган илк даврдан бошлаб Эрон темир, автомобиль ва денгиз йўли тармоғи, хусусан, Бандар Аббос ва Чобаҳор портлари ўзбекистонлик тадбиркорлар савдо-иқтисодий мақсадда фойдаланиши, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар товарларини ташиши учун тайёрлигини билдиргандик. Икки давлат Ашхобод битими, Эрон, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги уч томонлама битим, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамда икки томонлама битим ва келишувлар доирасида айни йўналишдаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий, консуллик ва божхона билан боғлиқ шарт-шароитини яратишга ҳаракат қилди».

Қайд этилишича, Эрон янги дастурларига мувофиқ, қисқа вақтда кўплаб темирйўл инфратузилмаси яратилиши кўзда тутилган бўлиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар ташқи савдода улардан фойдаланиши мумкин. 

«Биз, шунингдек, Чобаҳор портида қизиқувчи мамлакатлар иштирок этиши, инвестиция киритиши учун керакли ва қулай имконият яратишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонни Чобаҳор битимига ҳамда Шимол-жануб йўлагига қўшишга тайёрмиз. Шу кунга қадар бу масалада кўплаб ташрифлар уюштирилди, музокаралар амалга оширилди», деди Иброҳим Раиси.

Таъкидланишича, Ўзбекистон темир ва автомобиль йўли тармоғи эронлик тадбиркорлар бошқа давлатларга чиқиши учун қулай йўналиш ҳисобланиб, икки томонлама, минтақавий ва халқаро битимлар доирасида ушбу имтиёздан фойдаланилади.

Top