Жаҳон | 17:46 / 28.09.2022
7197
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Free Navalny глобал кампаниясини қўллаб-қувватлайди

«Биз учун Россия бу - Навалний, Магнитский, Немцов», деди Европарламент раиси Роберта Метсола Брюсселда Юлия Навалная ва Леонид Волков билан учрашувдан кейин.

Фото: EP

Европарламент раиси Роберта Метсола 28 сентябр, чоршанба куни Брюсселда россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг рафиқаси Юлия ва унинг ҳамкасби Леонид Волков билан учрашди. Метсола улар билан ёпиқ эшиклар ортида оммавий ахборот воситалари иштирокисиз ўтган суҳбатни ўта конструктив деб атади. Унинг сўзларига кўра, Навалний жамоаси Free Navalny глобал кампаниясини уюштирмоқда, Европа парламенти уни тўлиқ маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди.

«Россия биз учун бу - Навалний, Магнитский, Немцов - унинг қўрқмас фуқаролари. Биз Юлия Навалная билан биргаликда улар хотираси ва Алексей Навалнийнинг озодлиги учун курашни давом эттирамиз», - дея таъкидлади ЕИ парламенти спикери. 

Учрашувда, шунингдек, Россиядаги репрессиялар ва Украинага ҳужум учун жавобгар шахсларнинг санкция рўйхатини кенгайтириш зарурати муҳокама қилинди. Европарламент Украинага бу урушда ғалаба қозонишга ёрдам берадиган қонунлар ва қарорлар қабул қилишда давом этади, дея ишонтирди Роберта Метсола. 

2021 йилда Алексей Навалний фикр эркинлиги учун Европа парламенти томонидан берилган 2021 йилги Сахаров мукофотини қўлга киритди. Қаттиқ режимли колонияда сақланаётган мухолифатчи учун мукофотни унинг қизи Даря олди. 

Мавзуга оид