Хўш, ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга нима учун келди? Ташрифдан қандай янгилик ва енгилликлар кутиляпти?
Ташрифнинг илк куни Тошкентдаги «Симпозиумлар саройи»да Тавфиқ бин Фавзон ар-Робиа билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Нуриддин Холиқназаров иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.


Учрашувда Имом Бухорий ёд этилган, жорий йилда Ҳаж зиёратчилари 12 мингдан, умра қилувчилар сони 40 минг нафардан ошгани эътироф қилинган.
Расмий хабарга кўра, асосий мулоҳазалар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳамкорлик ва Саудия фуқароларини Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига зиёратларини ташкил этиш бўйича таклифлар борасида бўлган.

Шунингдек, мулоқотда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида меморандум тузиш масаласи кўриб чиқилган.
Бугун, 29 сентябрь куни эса Тошкентда сайёҳлик агентликлари учун зиёратчилар саёҳатини осонлаштиришга мўлжалланган интеграциялашган рақамли платформа – Nusuk'нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Nusuk нима? Ушбу платформа ёрдамида бутун дунё бўйлаб зиёратчилар ва бошқа сайёҳлар ҳам электрон визага мурожаат қилиши, меҳмонхоналар ва рейсларни бронь қилишгача бўлган барча ташрифларини бемалол ташкил қилиши мумкин. Яъни сиз мустақил равишда веб-сайт ёки мобил дастур орқали visa-билетларни олиб, Саудиядан меҳмонхона, муқаддас жойларга навбат билан кириш кабиларни банд қила оласиз.


















