Ўзбекистон | 07:41 / 30.09.2022
23709
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки нафар пранкчи 15 суткага қамалди

Ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб келаётган ҳамда жамоат тартибини бузаётган видеотасвирлар Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганиб чиқилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

"Инстаграм" ижтимоий тармоғидаги "ЖасЖан" аккаунт блоги кўздан кечирилган вақтда, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи видеомаълумот жойлаштирилгани аниқланган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида "Инстаграм" ижтимоий тармоғидаги "ЖасЖан" аккаунт фойдаланувчиси Тошкент вилоятида туғилган фуқаро Жасур Шодиев экани маълум бўлган. Ушбу фуқаро бундан бир неча ой илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиққан. 

ИИББ хабарига кўра, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у ўз ишини яна давом эттириб, ахлоқсиз видеоларни тарқата бошлаган. Билдирилишича, бундан кўзланган мақсад - ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилар сонини сунъий равишда кўпайтириш бўлган. 

Бундан ташқари, Жасур Шодиев ва фуқаро Ҳумоюн Муҳаммаджонов жамоат жойида бошқа бир блогер - Жаъфар Юсуповга нисбатан уятли сўзлар ишлатиб, кўпчиликнинг кўз ўнгида ҳақорат қилишади. Бу жараёндан видеоматериал тайёрлаб, оммага намойиш этишади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, қонуний чора кўриш учун Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга юборилган.

Мирзо Улуғбек туманидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган сайёр судда Жасур Шодиев ва фуқаро Ҳумоюн Муҳаммаджоновга нисбатан суд ўқиб эшиттирилди. Жасур Шодиевга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, Ҳумоюн Муҳаммаджоновга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди. 

Мавзуга оид