Андижон вилояти Асака туманидаги 55-умумтаълим мактаби 1938 йил қурилган. Мактаб туманнинг қоқ марказида жойлашган бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида капитал таъмирланмасдан қолмоқда.

Ҳозир бу ерда 2177 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб эса аслида 1060 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Эски мактабда умрини ўқитувчиликка бағишлаган Нодирахон Аҳмаджонова узоқ йиллар давомида болаларга она тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келяпти. 1 октябр – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Нодирахон опанинг фаолиятига назар солдик.

1997 йил илк бора болаларга дарс беришни бошлаган устоз минглаб шогирдлар етиштирган. У тонгги 6 дан бошлаб болаларга бепул қўшимча дарслар ўтиб, олий таълим муассасасига тайёрлайди.

“Ҳар ҳафтада 2 соатдан, бир ойда 8 соат ўқувчиларга бепул қўшимча дарс ўтаман. Аввалига 2 йил мобайнида мактабда қилиб кўрдим, бу йилдан бошлаб эса ўқув маркази ташкил қилиб, ўқув марказида ўтяпман. Шунда ҳам кимдир ҳаракат қилиб яхши ўқийди, кимдир эса йўқ, мажбурлагандек келишади.

Шу дарсни курсда қандай ўтсам, мактабдаги дарсда ҳам шундай ўтаман, назаримда тизимни ўзгартириш керакми, деб ўйлаб қоламан: синфда ўқувчилар олаётган билим билан репетиторлик курсларида олинаётган билимнинг фарқи анчагина. Репетиторга келган ўқувчи дарсни мукаммалроқ ўзлаштиради.

Синфдаги ўқувчиларнинг ҳаммасиям тилчи, таржимон ёки иқтисодчи бўлавермайди. Масалан, иқтисодчи бўлмоқчи бўлган ўқувчидан мумтоз адабиётни талаб қилолмаймиз. Ўқувчиларни иқтидорли ёки иқтидорсиз қилиб эмас, уларнинг қизиқиш ва хоҳишларни инобатга олган ҳолда синфлар ташкил қилиш керак, шундагина кутилган натижани бериши мумкин. Ўқувчи ўзи қизиққан соҳа бўйича ўқиса яхшироқ менимча, чунки унда мақсад бўлади. Ҳозирги умумий таълимимизда ўқувчида мақсад йўқ деёлмайман, лекин улар гўёки ҳамма фанни ўқишга мажбурдек.

2 йил давомида бепул, ихтиёрий, ҳафтада 3 мартадан, бир ойда 12 соат тонг саҳар эрталабдан уйқумдан воз кечиб келиб дарс ўтдим. Мен ҳайрон қолдим – 30 та ўқувчи билан бошлаган бўлсам, бир кун 25 та, бир куни 24 та, бир куни 30та, ҳар куни кимдир келмай қолаверади, ота-она масъулият билан жўнатмайди ёки ўқувчининг ўзида масъулият йўқ, буни мактабда тўлиқлигича англаб етишмас экан. Лекин ўқув марказида ўтаётган пулли курсимга тўлиқлигича, вақтида келишади. Иккаласида ҳам бир хил тизим, бир хил китобдан тест ишлатиб ўтаман дарсни. Бундан хулоса қилиб айтишим мумкин, қачонки ўқитувчи билан ўқувчининг мақсади бирлашсагина, у ўз мевасини беради”.