Украина НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза беради. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский ўз банотида маълум қилди.
«Бугун бу ерда, Киевда, мамлакатимиз юрагида барча озод халқлар ҳамжамияти хавфсизлиги учун қадам ташлаяпмиз.
Бизга ким таҳдид қилаётганини, ким ўлдириш ва ногирон қилишга тайёрлигини, ким ўз назорат ҳудудини кенгайтириш учун ҳар қандай ёввойиликдан қайтмаслигини кўриб турибмиз.
24 феврал куни Украинага биринчи тўлақонли зарба берилди. Биринчи!
Агарда Россияни тўхтатмаганимизда, у бизнинг чегараларимизда тўхтамасди. Қолган давлатлар ҳам зарба остида қолган бўларди. Болтиқ мамлакатлари, Полша, Молдова ва Грузия, Қозоғистон…
Россия Европа ва Осиёнинг турли халқларини бўйсундиришга даъвогарлик қилди. Ярим йил аввал даъвогарлик қилганди. Бу жиноий мақсад Украинада чилпарчин бўляпти. У Киев ва Черниҳивда синди. «Азовстал»да. Суми ва Харкив областида. Илонлар оролида. У Донбасс ва Украина жанубида ҳам уларни озод қилганимиздан сўнг синади. Албатта – Қримда, озод Украина Қримида ҳам.
Давлатимизнинг бутун ҳудуди ушбу душман – нафақат Украинанинг, балки ҳаёт, инсонийлик, қонун ва ҳақиқат душманидан озод қилинади.
Россия буни билади, қудратимизни ҳис қилмоқда. Айнан шу ерда, Украинада қадриятларимиз кучини тиклаётганимизни кўрмоқда. У шу сабабли шошиляпти. Аннексияга уриниб бу сохтакорликни уюштирмоқда. Ўзига тегишли бўлмаган нарсани тортиб олишга уриняпти. Қотилликлар, таҳқирлашлар, шантаж ва ёлғон билан тарихни қайта ёзиш ва чегараларни қайта чизишни истамоқда.
Украина бунга йўл қўймайди.
Бугун олий бош қўмондонлик йиғилишини ўтказдим. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилиши тугаши билан. Бизда қарор мавжуд.
Биринчиси. Фақат кучайиш ва босқинчиларни бутун ҳудудимиздан қувиш йўлигина тинчликни қайтаради. Биз шу йўлдан борамиз.
Иккинчиси. Украина музокаралар бўйича етакчи бўлган ва шундай бўлиб қолади. Айнан биз Россияга тенг, ҳалол, муносиб ва одилона шароитларда кенгашишни таклиф қилдик. Афтидан, Россиянинг ҳозирги президенти билан бунинг имкони йўқ. У ғурур ва ҳалоллик нималигини билмайди. Шу сабабдан биз Россия билан мулоқотга тайёрмиз, лекин Россиянинг бошқа президенти билан.


















