Спорт | 12:01 / 02.10.2022
28230
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги стадионда тартибсизликлар вақтида 170 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Индонезияда футбол ўйинида тиқилинч юзага келиши оқибатида 174 киши ҳалок бўлди. Полиция маълумотига кўра, яна ўнлаб кишилар шифохонага ётқизилган, 11 киши оғир аҳволда.

Фото: EPA

Қурбонлар сони яна ортиши мумкин -  Шарқий Ява расмийлари қурбонлар сони соат сайин ўсиб борганини қайд этган.

Фожиа Маланге шаҳридаги стадионда маҳаллий «Арема» клуби ва Шарқий Ява провинцияси маркази бўлган Сурабаянинг «Персебая» клуби ўртасидаги футбол учрашуви вақтида рўй берган.

Ўйин меҳмонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Финал ҳуштаги чалингач «Арема»нинг минглаб мухлислари майдонга чопиб чиққан, тўқнашувлар бошланган.

Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, тиқилинч юзага келган. Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, ўлим ҳолатларининг кўп қисми бўғилиш туфайли содир бўлган.

Тартибсизликлар стадион ташқарисида ҳам давом этган, бир қанча полиция автомобиллари ёқиб юборилган. Икки полициячи ҳалок бўлган.

Ҳукумат текширув ўтказишни бошлаган. Индонезия футбол федерацияси «Арема» клубига мавсум охирига қадар уй ўйинлари ўтказишни тақиқлаган ва шу ҳафтада ўтказилиши белгиланган барча ўйинларни кейинроққа қолдирган.

Фото: EPA

Индонезияда футбол ўйинлари вақтида зўравонлик ва тартибсизликлар камдан кам рўй беради. «Арема» ва «Персебая» - анчадан буён принципиал рақиблар ҳисобланади. «Персебая» мухлисларига тўқнашув хавфи туфайли Малангедаги ўйинга чипта сотилмаган. Аммо, Индонезия хавфсизлик вазири Муҳаммад Маҳдуф инстаграмида ёзишича, сиғими 38 минг кишилик бўлган бу стадионга шу ўйин учун 42 минг чипта сотилган. 

Тўқнашувлар стадион ташқарисида давом этган. Фото: Getty Images
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид