Жаҳон | 07:42 / 04.10.2022
3627
2 дақиқада ўқилади

Туркияда инфляция 83 фоиздан ошди

Туркиядаги жорий инфляция даражаси 1998 йил сентябридан бери энг юқори кўрсаткичдир. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатда нархларнинг ошиши сабабларидан бири - фоиз ставкаларини пасайтириш сиёсатидир.

Фото: pexels.com

Туркия Статистика институтининг 3 октябр, душанба куни эълон қилган маълумотларига кўра, Туркияда йиллик инфляция сентябр ойида 83,45 фоизни ташкил этиб, янги чўққисига чиқди ва унинг бир ой давомидаги ўсиши 3,08 фоизни ташкил этди. Бу мамлакатда 1998 йил сентябрь ойидан бери энг юқори йиллик инфляция даражасидир.

Қайд этилишича, озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар нархларининг йиллик ўсиши 93 фоизни, транспорт соҳасида нархларнинг ўсиши эса 117,66 фоизни ташкил этган. Алоқа ва таълим соҳаларида нархлар ўтган йил давомида энг кам даражада ошган - мос равишда 30,76 ва 36,69 фоиз.

Туркиядаги инфляцияни бир қанча омиллар келтириб чиқармоқда. Улардан бири - заиф миллий валюта лирадир. Унинг жорий курси Туркия томонидан импорт қилинадиган товарларнинг ички бозорда юқори нархларда таклиф қилинишини тушунтиради.

Нархларга халқаро таъминот занжирлари билан боғлиқ муаммолар ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, бу эса ярим тайёр маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келади. Шу билан бирга, нархларнинг ошишига Россиянинг Украинага қарши уруши фонида электр энергияси нархи ошиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Таҳлилчилар, шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2018 йилда бошланган иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун фоиз ставкаларини пасайтириш сиёсатини Туркияда нархлар ошишига таъсир этувчи муҳим омил сифатида баҳоламоқда.

Ўшанда Эрдўған Марказий банк раҳбарининг маслаҳатига қарши бу ҳаракатни амалга оширди, бу эса лиранинг рекорд даражада пастга тушишига ҳамда материаллар ва энергия импортига қарам бўлган мамлакатда харажатларнинг ошишига олиб келди. Ўшандан бери президент учта Марказий банк раҳбарини ишдан бўшатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид