Украинада урушнинг 224-кунидаги асосий воқеалар:

  • Владимир Путин Запорижжя АЭСни Россия мулкига ўтказиш ҳақидаги фармонни имзолади. Украинанинг «Энергоатом» компанияси АЭС «Украинада ишлашда давом этаётгани»ни маълум қилди. BBC аниқлашича, россиялик ҳарбийлар ходимларни Россия оператори билан ишлашга кўндириш учун босим қилмоқда.
  • Запорижжя АЭСнинг украиналик ходимлари станциянинг олти реакторидан бирини қайта туширишга тайёрланмоқда. Ҳозирда уларнинг барчаси ишлашдан тўхтатилган.
  • Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари Херсон областининг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларида яна бир қатор аҳоли яшаш манзиллари озод этилганини маълум қилди. Регионнинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти эса ҳудуддаги рус қўшинлари «жавоб зарбаси бериш учун» қайта гуруҳланаётганини маълум қилган.
  • Киев областидаги Била Церква шаҳрига тунда Эроннинг 12 дона Shahed-136 камикадзе дронлари билан ҳужум уюштирилган. Улардан олтитаси нишонга бориб теккан. Шу куни кечқурун телеграм-каналларда Одесса шаҳрига ҳам шу каби дронлар билан ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
  • Харкив областида шу кунларда Украина армияси назоратига қайтарилган Пески-Радьковские посёлкасида украин терговчилари россиялик ҳарбийлар маҳаллий аҳолини қийноққа солишда фойдаланган камераларни аниқлашди.
  • «Агора» ҳуқуқ ташкилоти  раҳбари Павел Чиков Россияда сафарбарликдан бўйин товлаш ҳолати бўйича илк жиноий иш очилганини маълум қилди.

Қуйида 5 октябр куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Озод этилган Лимандаги ҳаёт

75 ёшли Галина Зейкова Лимандан ғарбдаги Дробишово қишлоғида вайрон бўлган бинога қарамоқда. Донецк областидаги ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар озод этилгани 2 октябр куни маълум бўлди. Россия қўшини Лиманни 2022 йил июн ойи бошида эгаллаганди.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Лиманда озиқ-овқат ва дори-дармон учун навбат