— Дастлаб референдумлар ҳақида. Путин нима мақсадда Украинанинг қисман босиб олинган ҳудудларида шундай референдумлар ўтказди? Бошқа давлат ҳудудига қуролли босқин қилиб кирган ҳукумат учун бундай бюрократия нега керак эди?

— Бу ўринда дастлаб Путин шахсияти ва унинг сиёсий ҳамда ҳуқуқий психологиясини таҳлил қилишимиз керак. Путин бир вақтлар КГБда ишлаган, шунинг учун ички ва ташқи сиёсатни «махсус операция» сифатида кўради. Яна бир томондан у юрист ҳам. Шу соҳа бўйича таълим ҳам олган. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишни ҳуқуқий расмийлаштиришга ҳаракат қилади.

Россияга бу тўртта ҳудудни қўшиб олишдан сиёсий бир мақсад мавжуд. Уларнинг фикрича, бундан кейин бу ҳудудлар Украина ҳудуди эмас, уларнинг мақоми аниқ ва Россияга қўшилди. Эътибор берган бўлсангиз, референдумда ҳар бир ҳудуддан 90 фоиздан ортиқ овоз йиғилган ва ҳудуд аҳолиси орасида буни истовчилар кўп деган сиёсий пропаганда ҳам олиб борилди.

Шунга кўра, уни Россия таркибига расман қўшиб олишди. Энди у ҳудудлар Россия ҳимоясида экани, агар бу ҳудудларга таҳдидлар бўлса, Россиянинг ядровий зонти ушбу ҳудудлар устидан ҳам ўрнатилиши айтилди.

— Референдумлар ўтказилиши давомида округларда ҳарбийлар билан юришиб, бланка тарқатилгани кадрлари ҳам тарқалди. Бу ерда қизиқ бир ҳолат: агар референдум натижаларини эълон қилиш рус ҳукумати қўлида бўлса, шунча ресурс сарфлаб, яна аскар етишмаётган вақтда бу ишларни қилишдан қандай наф бор?

— 2014 йилда ҳам Қримда референдум ўтказилган. Унда ҳам ҳарбий хизматчилар иштирок этган. Яъни бундан кўзланган мақсад шуки, бошқа фикрлилар референдумни бузмасин, ҳар қандай муқобил фикрлар эшитилмаслиги учун. Бу референдумларни дунёнинг бирор бир давлати тан олгани йўқ. Тан олмайди ҳам. Жумладан, Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон очиқчасига бу референдумни тан олмаслигини айтди. Ўзбекистон ҳам дипломатик тарзда мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини бузиш тарафдори эмаслигини билдирди.

Айнан ҳарбийлар иштирок этаётганининг сабаби шуки, Украина ҳудудида қарама-қарши фикрлар жуда ҳам кўп. Ана шу фикрларни бостириш ва бошқа сценарийларнинг олдини олиш учун бу амалиётлар ҳаётга татбиқ қилиняпти.

— 30 сентябр куни Кремлда қисман босиб олинган ҳудудларнинг Россияга қўшилиши тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Бу шартномаларни халқаро ҳамжамиятнинг аксарият аъзолари тан олмаслигини билдирган. Лекин бу ҳужжатларнинг Россия учун қандай оқибатлари бор? Бунинг ортидан қандай мақсадларни амалга ошириши кутилмоқда?