Бу жараён энг фаол тарзда тоғларнинг чўққисида рўй бермоқда. Чунки тоғда ҳаво ҳарорати Ер курраси бўйича ўртача кўрсаткичдан 50 фоизга тезроқ кўтарилади. Тоғларда иқлим шу қадар ўзгариб кетганки, Ҳимолий тоғига чиқаётган алпинистлар аллақачон қалин экспедиция костюмлари ўрнига енгил куртка билан кифояланишмоқда, дейилади hi-news.ru мақоласида.

Бундай вазият Ер куррасидаги қуруқликнинг чорак қисмини ташкил этувчи бошқа тоғларда ҳам кузатилмоқда. Албатта, бу музликларнинг эриши глобал фалокатларни келтириб чиқармайди, лекин уларнинг таъсири туфайли аллақачон йилига юзлаб одамлар нобуд бўлмоқда.

Агар сайёрамизда ўртача ҳарорат кўтарилиб борадиган бўлса, яқин йиллар ичида қурбонлар минглаб саналадиган бўлади.

Шу йилнинг июлида Мармолада тоғи қояларига ўпирилиб тушган Пунта-Рокка музлиги. Фото: news.wsiu.org

Тоғ тизмаларида кўплаб музликлар эриб ўпирилмоқда

Шу йилнинг июл ойида Италия шимоли-шарқида жойлашган Мармолад тоғида ҳаво ҳарорати 27 даражагача кўтарилган. Кутилмаганда тоғ массивидаги улкан музликдан иккита футбол майдонига тенг қисми ўпирилиб тушган. Муз парчалари тоғ этагига қараб силжиб, 11 кишини босиб қолган. Ўша ойда Қирғизистондаги Патагонияда йирик музлик қулаган. Сўнгги йилларда бунақа вазиятлар тез-тез кузатилмоқда. Вазият шу зайлда кетаверса Африкада 20 йилдан сўнг бирорта музлик қолмайди.

Нега музликлар бўлиниб ўпирилмоқда, шунчаки эриб ёки Эверест тоғида бўлганидек, буғланиб келмаяпти? Гап шундаки, абадий музлик эриб борар экан, бир пайтлар совуқ ҳарорат ёрдамида қотиб қолган тош ва тупроқ шаклидаги грунт яхлитлигини йўқотади. Натижада у силжувчан массага айланади ва музликлар силжиши ҳамда тупроқ кўчишига сабаб бўлади.

2700 метр баландликда музлик тез эрийди. Фото: pxhere.com

Музликларнинг эриши фалокатга етаклаши мумкин

Ўтган ёзда Алп тоғлари музликлари катта йўқотишга дучор бўлди — уларнинг баландлиги бир неча метрга камайиб кетди. Бу ҳол олимларнинг энг ёмон кутилмаларидан ҳам ошиб тушди. Бироқ шу пайтгача музликлар устидан кузатувларнинг барчаси юзаки. Уларнинг ичида нималар содир бўлаётганидан олимлар бехабар. Ички жараёнлар тоғ этагидаги қишлоқларда яшаётганларга қор ёки тупроқ кўчишидан кам хавф туғдирмайди. Гап музликлар ичида тўпланадиган эриган сув ҳақида кетмоқда.