Украина қуролли кучлари Учинчи армия корпуси қўмондони, генерал Андрей Билецкий 7 сентябр куни Донецк областининг Святогорск шаҳри марказидан видео эълон қилди – аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги ва шахсан Владимир Путиннинг ўзи ушбу шаҳар эгалланганини эълон қилганди. Бундан ташқари, OSINT-таҳлилчилар маълумотига кўра, украин армияси Лиман йўналишида қарши ҳужум амалиётини давом эттирмоқда ва катта эҳтимол билан, сезиларли ютуқларга эришган. BBC Украина хизмати бу «махфий амалиёт ҳамон давом этаётгани»ни қайд этган.

Святогорск шаҳри эгаллангани ҳақида Владимир Путин 1 сентябр куни маълум қилганди. Ушбу шаҳар Лимандан 15 км шимоли-ғарбда жойлашган, унинг атрофида православ христианлар учун муқаддас саналган Авлиё-Успенская Лаври ҳам бор.

Кейинги куни эса Россия мудофаа вазирлиги ҳам ушбу шаҳар эгаллангани ҳақида хабар тарқатди. Шу билан бирга, бунинг учун ҳеч қандай далил келтирилмади.

Ўшандаёқ бу баёнотлар тўғрилигига россиялик Z-блогерларнинг ўзида ҳам шубҳа билдирилганди. Гап шундаки, ушбу аҳоли яшаш манзили ўша вақтдаги фронт чизиғидан тахминан 10–12 км масофада жойлашган ва россиялик штурмчиларнинг ушбу шаҳар йўналишидаги муваффақиятли кириб боргани ҳақида ҳеч қандай маълумот чиқмаганди.

Россия ҳарбий қўмондонлиги баёнотидан бир кун ўтиб бир қатор украин журналистлари Святогорскни айланиб чиқишди ва у ердан россияликларни топа олишмади.

7 сентябр куни фронтнинг мазкур участкаси учун масъул саналган Учинчи армия корпуси генерал Андрей Билецкийнинг видеосини эълон қилди, унда генерал Святогорскни ва Авлиё-Успенская Лавраси атрофини эмин эркин, ҳатто каска киймаган ҳолда айланиб юрганини кўриш мумкин эди. Видеода шаҳар бўйлаб фуқаролик автомобиллари ҳаракатланаётгани, аҳоли яшаш маркази тўлиғича украин армияси назоратида экани кўрсатилган.

Бундан ташқари, Учинчи армия корпуси қўмондони Святогорскни «фронтортидаги шаҳар» деб атаган.

Генерал Андрей Билецкий Святогорск лавраси фонида бу «фронт ортидаги шаҳар» эканини айтган. Видео 7 сентябр куни эълон қилинган

«Святогорскда ҳеч қачон рус аскарлари бўлмаган деб бўлмайди [2022 йилда ушбу шаҳар бир неча ой мобайнида Россия армияси томонидан ишғол этилганди], аммо бу ерда, умуман олганда, ҳеч қандай муаммосиз сайр қилиш мумкин, гарчи зирҳли нимча кийган маъқул… Бу корпусимизнинг фронторти ҳудуди, бу ерда барчаси ажойиб», – деган у.