Навбатдаги ўрганиш ишлари “Uzbekistan GTL” заводида олиб борилиб, ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган янги турдаги синтетик ёқилғи маҳсулотларни ишлаб чиқариш жорий ҳолатини ўрганиш, уларнинг сифати ва стандартларга мувофиқлигини доимий назорат қилиш, маҳсулотларни сақлаш, сотиш ҳамда истеъмолчиларга етказиб берилиши билан бир қаторда 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумига асосий муҳандислик коммуникациялари, технологик асбоб-ускуналарини тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ҳам жойида ўрганилди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Uzbekistan GTL” заводининг марказий бошқарув биносида жойлашган замонавий бошқарув панеллари орқали заводнинг 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон эксплуатация қилиш технологик тизими билан яқиндан танишиб чиқди.

Куз-қиш мавсумида тўхталишлар бўлмаслиги ҳамда технологик жараёнларнинг бир маромда ва хавфсиз амалга оширилишига масъул бўлган маҳаллий ёш смена муҳандислари ва мутахассисларнинг бошқарув жараёнларининг янада инновацион тарзда амалга оширилиши юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланди, бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Ташриф давомида Бошқарув раиси куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши миқдорлари ва сифат кўрсаткичлари доимий назоратда бўлишига доир топшириқлар берилди.

Шунингдек, синтетик дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш, сақлаш ҳолатлари ўрганилди ҳамда сотиш ишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам таҳлилий кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси “GTL” дизель ёқилғиси сотилиши бошланганини таъкидлаб, қисқа муддат ичида жами 31 минг тоннага яқин синтетик дизель маҳсулоти Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси савдоси платформаси орқали реализация қилинганини эътироф этди. Қўшимча равишда, нафта маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга доир вазифалар белгилаб берилди.

Бошқарув раиси заводнинг ишлаб чиқариш цехлари бошлиқлари ва раҳбар ходимлар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказиб, энг аввало ҳар куни куз-қиш мавсуми давомида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар бўйича пухта тайёргарлик кўриш, йиғим-терим мавсуми давомида синтетик ёнилғи маҳсулотларини ишлаб чиқарилиши узлуксизлигини таъминлаш бўйича алоҳида вазифаларни белгилаб берди.