Жаҳон | 07:51 / 08.10.2022
5501
2 дақиқада ўқилади

Россия суди «Нобел» берилган «Мемориал» офисини давлат фойдасига олиш ҳақида қарор чиқарди

Москвадаги суд бинони «Мемориал»нинг бир юридик шахсидан бошқасига ўтказиш бўйича келишувни бекор қилди.

Фото: Picture Alliance

Москванинг Тверский суди 7 октябр, жума куни Россия ҳукумати қарори билан тугатилган «Халқаро Мемориал» ташкилоти офисининг «Мемориал» илмий-таълим марказига ўтказилишини ноқонуний деб топди.

Прокуратуранинг «Мемориал» мулкини хатловга олиш ва бинони давлат фойдасига ўтказишни сўраган тегишли даъвоси қаноатлантирилди.

Суд қарори «Мемориал» беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси Алес Беляцкий ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази билан биргаликда тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирлангани маълум бўлган кун қабул қилинди.

«Бу биз яқинда Каретний ряддаги уйимиздан айрилиб қолишимизни англатади», — дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўз Telegram-каналидаги хабарида.

2021 йил 29 декабрда Москва шаҳар суди Москва прокуратурасининг даъвоси бўйича «Мемориал» инсон ҳуқуқлари марказини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бир кун олдин Россия Олий суди РФ Бош прокуратурасининг даъвосига кўра, Россияда нодавлат ташкилот - «хорижий агент» сифатида тан олинган «Мемориал» халқаро тарихий-таълим жамиятини тугатди. Ҳуқуқ ҳимоячилари «хорижий агентлар» ҳақидаги қонунни бузганликда айбланган. «Мемориал» , ўз навбатида, Россия расмийларининг ҳаракатларини сиёсий сабабга эга ва номутаносиб ҳолат деб атади. «Мемориал» илмий-таълим марказига бу қарорлар таъсир кўрсатмади.

Мавзуга оид