Владимир Путин эълон қилган сафарбарлик рус оилаларида келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳозирда сафарбар қилинганларнинг қариндошлари ўз яқинларини ортга қайтаришга ва улар билан алоқани йўқотмасликка ҳаракат қиляпти. BBC нашри ўзи урушга боришни хоҳламаган, аммо ота-онаси босими остида ҳарбий комиссариатга боришга мажбур бўлган икки россиялик ҳақида ҳикоя қилади.

— Ҳарбий комиссариатга бормасангиз 3 минг рубль жарима тўлайсиз. Агар у ерга борсангиз энг яхши ҳолатда рухланган тобутда уйга қайтасиз.

— Менинг отам собиқ ҳарбий. Унинг айтишича урушга бориш керак, бўлмаса улар (полиция) мени қидиришдан тўхтамайди.

Москвалик 30 ёшли Игор адвокат билан шундай суҳбатлашган (сафарбар қилинганларнинг исм-шарифлари уларнинг хавфсизлиги юзасидан ўзгартирилган). Ота-онаси уни ҳарбий комиссариатга боришга кўндирган. Игор ҳозирда Белгородда, Украина билан чегарадаги ҳарбий қисм қисмда.

Игорга ёрдам беришга уринган адвокат Дмитрий Захватов Игорнинг ота-онаси ҳақида фикр билдириб, шундай ёзади: «Бундай аждодлар билан ҳеч қандай Путинга эҳтиёж йўқ».

Курскдаги бошқа бир машғулот марказида белгородлик 24 ёшли Даниил ҳам бор. Унинг отаси чечен урушида қатнашган ва у ҳам ота-онаси босими остида ҳарбий комиссариатга борган. Ҳар икки йигитнинг онаси уларга чақирувдан бош тортмасликни маслаҳат берган.

Сафарбар қилинган бу йигитларнинг барча оила аъзолари ҳам ота-оналари фикрига қўшилмайди. Игорнинг опаси қанча ҳаракат қилса-да, укасига ёрдам бера олмаган, Даниилнинг хотини эса эрини уйга қайтаришга муваффақ бўлган.

«Отам асабийлашди ва босим ўтказа бошлади»

Москвалик Игор 29 сентябр куни Белгород шаҳридан туриб, опаси Валентинага «Жойлашдик, эртадан машғулотларга киришамиз» дея хабар ёзади. У жойлашув ва вазият ҳақида бошқаларга батафсил гапириб бермаслик ҳақида огоҳлантирилганди.

— Овқатлантиришди. Биз палаткалар шаҳарчасидамиз.

— Совуқ эмасми?

— Озгина.

— Ухлаш учун матрас борми?

— Йўқ, фақат бушлат (ҳарбий куртка), ватник ва ўзимнинг иссиқ кийимларим бор.